Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида Президентимизнинг жорий йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида” ги қарори ижросига бағишланган ўқув-услубий йиғин ўтказилди.
Унда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси мутасаддилари ва барча куч тузилмалари масъул офицерлари иштирок этди.
Ўқув-услубий йиғинда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар бошқармаси бошлиғи, полковник Акбар Сабиров кейинги йилларда мамлакатимиз Қуролли кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тартибини ҳам тубдан такомиллаштиргани ҳақида атрофлича фикр юритди.
Бу жараёнда бир-бирини такрорлайдиган тадбирларга чек қўйилгани чақирилувчиларни очиқ, ошкора саралаб олиш имкониятини яратгани таъкидланди. Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли кучлар резервига бўшатиш бўйича Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи тасдиқлаган режа билан таништирилди.
Йиғинда шунингдек, Термиз темир йўл бекати, шахобчаси ва Термиз халқаро аэропорти ҳарбий ҳаракатлар таркибий бўлими бошлиғи, полковник Набижон Жўраев муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни уйларига кузатиш ҳамда хизматга чақирилувчиларнинг ҳарбий қисмларга соғ-саломат етиб олиши учун зарур шарт-шароит яратиш, эҳтиёткорлик чораларини кўриш бўйича тегишли тавсияларни билдирди.
Куч тузилмалари мутасаддиларининг чақирув мавсумини сифатли ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА