Муборак Рамазон ойида юртимизда эзгу амаллар, хайру саховат тадбирлари кенг қулоч ёймоқда. Бу ой инсон қалбида меҳр-шафқат, бағрикенглик ва бир-бирига елкадош бўлиш туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Мазкур меҳр-мурувват ойида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ҳам ҳалок бўлган сафдошлари оилалари ва яқинлари ҳамда ёрдамга муҳтож фуқароларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларига малҳам бўлмоқда.
Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари муборак Рамазон ойида юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи, марҳум сержант Ҳусниддин Суяров хонадонига ташриф буюрди.
Марҳум Ҳусниддин Суяров ўзининг қисқа, аммо мазмунли ва шарафли ҳаёт йўли давомида Ватанга садоқат билан хизмат қилган, зиммасига юклатилган ҳар бир вазифани юксак масъулият, қатъият ва мардлик билан адо этган ҳарбий хизматчилардан бири эди.
Ташриф давомида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари марҳумнинг оила-аъзолари билан самимий суҳбат қуриб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Марҳумнинг ёрқин хотираси, унинг жасорати ва фидоийлиги юксак эҳтиром билан ёд этилди. Юрт тинчлиги йўлида жон фидо қилган бундай мард ва жасур ўғлонларнинг номи, уларнинг шарафли ҳаёт йўли ва хизматлари ҳеч қачон унутилмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lRO-ous7PfY" title="Mard o‘g‘lon xotirasiga ehtirom ko‘rsatildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н. Раҳмонова, А.Аҳмедов (монтаж), ЎзА