Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Мазкур мукофот мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада оширишга катта ҳисса қўшиб келаётган ёшлар тақдирланади.
Юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимиз бу давлат мукофоти билан рағбатлантирилади.
Мана шундай фазилатларга эга бўлган, фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаб келинмоқда.
Тадбирда мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий сиёсат ҳамда кейинги пайтда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани туфайли ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани қайд этилди.
Ватанимизнинг янги қиёфасини яратишда ўз меҳнати, ташаббускорлиги билан бошқаларга ўрнак ва намуна бўлаётган азму шижоатли ёшлар мукофотлар билан тақдирланмоқда. “Мард ўғлон” давлат мукофоти шулардан биридир.
Тадбир давомида сўз олганлар кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилгани, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шароитлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу саъй-ҳаракатлар эртамиз эгаларининг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. “Мард ўғлон” давлат мукофотини олган ёшларимиз келгусида бунданда юксак марраларга эришишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА