Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мард ўғлон Акмалжоннинг санъат йўлидаги орзулари бисёр
16:23 / 2025-12-26

Мотивация!

Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби дамли ва зарбли чолғу ижрочилиги йўналиши ўқитувчиси Акмалжон Сатторов 2025 йил 30 июнь — Ёшлар кунида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.  

1996 йил 26 июлда Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилган Акмалжон болалигидан ҳофиз тоғаси ва доирачи амакиларини кўриб, мусиқа ва санъат соҳасига алоҳида меҳр ва қизиқиш билан улғайди. Амаки ва тоғаларининг даврасида бирга юргани, уларга ҳавас билан қарагани Акмалжонга санъат йўналишидан кетишига катта туртки берган. Шу боис, у мусиқа мактабида таҳсил олиб, фортепиано ва доира синфларида ўқиди, 2012 йилда Андижон санъат коллежига ўқишга кирди.  

Таълим даргоҳида таҳсил олиш баробарида қатор кўрик-танловларда қатнаша бошлади. Жумладан, 2015 йил “Маданият ва санъат коллежлари ҳамда мусиқа академик лицейлари ёш ижрочиларининг Республика  танловида 3-даражали диплом билан тақдирланган.  

2017  йил Сербия давлатида бўлиб ўтган 8-халқаро мусиқа танловида туба чолғуси йўналиши бўйича 1-даражали диплом билан тақдирланган. Яна шу йили республика миқёсида ўтказиб келинаётган маънавий–маърифий тадбирлардаги фаоллиги учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ҳамда Ўзбекистон давлат Консерваторияси ректорининг ташаккурномаси билан тақдирланган.  

Акмалжон 2021 йил 30 июнда Ёшлар куни муносабати билан Андижон ёшлар симфоник оркестрининг биринчи очилиш концерт дастурини ташкил қилган. 2022 йилда Туркия ҳамда Россия Федерациясида ташкил этилган дўстлик концертида Андижон ёшлар симфоник оркестри билан моҳирона ижро этиб, икки давлат ташаккурномасига эга бўлган.

Акмалжон Сатторов Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами, Наврўз ва бошқа кўплаб давлат тадбирларида дирижёр сифатида фаол иштирок этиб келади. Бунинг учун бир неча бор вилоят ва туман ҳокимлиги ҳамда маданият бошқармалари раҳбариятининг ташаккурномалари билан тақдирланган.

2024 йилда Маданият вазирлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бўлиб ўтган дирижёр, режиссёр, балетмейстерлар танловида дирижёрлик йўналиши бўйича фахрли 2-даражали диплом билан тақдирланган. Шу йили халқаро илмий журналда ёшлар симфоник оркестри фаолияти тўғрисида мақоласи чоп этилган.

“Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлангани Акмалжонга янада катта куч ва мотивация бериб келмоқда:  

— Ҳар бир ёш, ҳар бир ижодкор давлат раҳбарининг қўлидан мукофот олишни хоҳлайди, албатта. Айниқса, ота-оналар фарзандининг бундай ютуғидан чексиз фахр-ифтихорга тўлади. Шу йил Ёшлар кунида ана шундай бахтга эришганимда, катта ҳаяжонга тўлдим. Қолаверса, янада залворли масъулият ҳиссини туйдим.

Келгусида Андижон ёшлар симфоник оркестри таркибини янада кенгайтириб, бутун дунёга миллий санъатимизни тарғиб этиш энг катта мақсадим. Бу йўлда тинмай меҳнат қилиб, натижаларга эришиш ҳаракатидаман, — дейди Акмалжон Сатторов.  

Дарҳақиқат, бугун иқтидорли, истеъдодли ўзбек ёшларининг ҳар бир соҳа ва йўналишда иштироки, ташаббускорлиги ва фаоллиги ортиб бормоқда. Бу эса улар эришаётган натижаларда ўз аксини топаётир.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА