Марғилонда 19 нафар киракаш маъмурий қамоққа олинди
Жамоат жойларида ҳеч кимнинг белгиланган қонун-қоидаларни бузишга ҳаққи йўқ. Аммо Марғилон шаҳрида киракашлик билан шуғулланувчи айрим фуқаролар буни унутишган чоғи. 10 март куни содир этилган тартиббузарлик ва безорилик шундан далолат бермоқда.
Жамоат жойларида ҳеч кимнинг белгиланган қонун-қоидаларни бузишга ҳаққи йўқ. Аммо Марғилон шаҳрида киракашлик билан шуғулланувчи айрим фуқаролар буни унутишган чоғи. 10 март куни содир этилган тартиббузарлик ва безорилик шундан далолат бермоқда.
Шаҳар марказидаги Б.Марғилоний кўчасида жойлашган савдо мажмуаси рўпарасида Марғилон — Фарғона шаҳарлари ҳамда Қиргули мавзеси йўналишларида киракашлик билан шуғулланувчи “Damas” русумли автомашина ҳайдовчилари йўлнинг қатнов қисми ҳамда пиёдалар ўтиш йўлакчасида тўхтаб, бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит берган. Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ҳолат бўйича тушунтиришлар берилса-да, тартибсизликлар давом этаверди.
“Damas” ҳайдовчилари ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан фуқаролар осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этган. Хусусан, киракашлик билан шуғулланувчи Б.Аҳмедов ИИБ ходимларининг ўз вазифаларини бажаришга тааллуқли қонуний талабларини бажармасликка омма олдида даъват қилиб, бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинанинг ойналарини қўли билан уриб синдиради. ИИБ ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг унинг безорилик ҳиссиётларини омма олдида ошкора намойиш қилишда ифодаланган ҳаракатларига “Марғилон-Қиргули” йўналишида қатновчи ўндан ортиқ ҳайдовчилар ҳам қўшилган. Ҳайдовчилар жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкиниб, бақир-чақир қилишган ҳамда мазкур ҳаракатларини шаҳар ИИБ биноси олдида ҳам давом эттириб майда безорилик содир этишган.
Шу ўринда савол туғилади. Бир гуруҳ ҳайдовчилар ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан нима қилишмоқчи бўлди? “Ўзим хон — кўланкам майдон” қабилида иш тутган “Дамасчилар”ни қандай тушуниш мумкин? Ахир мана шундай тартибсиз ҳаракатлар оқибатида пиёда ёки ҳайдовчилар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўляпти-ку. “Тирикчилик” ёхуд бошқа омилларни важ қилиб, қоидабузарлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Мазкур ҳуқуқбузарлик иши Марғилон шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган 19 нафар “Дамас” ҳайдовчиларига жазо тайинланди. Уларнинг 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.