Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсадли лойиҳалар тизимда шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда
11:48 / 2022-09-25

Сўнгги йилларда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларида энергия ресурслари, хусусан газ таъминотига бўлган эҳтиёж ҳамда талабнинг ортиб бориши соҳада тизимли ислоҳотлар, мақсадли лойиҳаларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 августда қабул қилинган "Республика истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эса табиий газ таъминоти тизимини модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қарорда истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни "газ тақсимлаш станцияси - туман (шаҳар) чегараси - йирик участкаларнинг кириш қисми - истеъмолчи" технологик занжири асосида туман (шаҳар)лар чегарасидаги қувурларга электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш ва "онлайн" мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилиши белгилаб берилган.

Навоий вилоятида айни вақтда табиий газдан фойдаланадиган 164 мингдан ортиқ аҳоли ва 3000 та улгуржи истеъмолчи мавжуд бўлиб, ҳудудни 49 та йирик ҳудудга ажратиш ҳамда 59 та газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 56 та газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилиб, ишга туширилди. 35 та модем қурилмаси билан жиҳозланиб, “аскугбаланс” дастури орқали кузатиб бориш имконияти яратилди. Ҳозирда Кармана тумани ва Навоий шаҳрида бу борада ишлар давом этмоқда.

– Асосий мақсад, туман ва шаҳарлар чегарасидаги қувурларга электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали газ тақсимлаш станцияларидан қабул қилинаётган газни табиий газ истеъмолчиларига йўқотишларсиз етказиб беришдир, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Баҳриддин Худаяров. – Шунингдек, табиий газнинг истеъмолчилар томонидан ноқонуний фойдаланишини ҳамда газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлашда ушбу автоматлаштирилган тизим катта самара беради. Яъни, газ тақсимлаш станцияларидан олинган газ сарфи миқдори йирик ҳудудлардаги қувурларга ўрнатилаётган ҳисоблагичлардаги миқдор билан тенг бўлишига эришилади. Туман ва шаҳарларни йирик ҳудудларга ажратиш ва ҳисоблагичлар ўрнатишда истеъмолчилар сони, истеъмол сарфи инобатга олинди. Масалан, вилоятда табиий газ истеъмолчилари сони нисбатан кўп бўлган Кармана тумани 9 та йирик ҳудудга ажратилиб, 18 та ҳисоблагич ўрнатилди. Белгиланган режа бўйича яна битта ҳисоблагич ўрнатилади. Табиий газ истеъмоли миқдори оз бўлган Учқудуқ туманида эса, энг кам - 1 та ҳисоблагич ўрнатилди.

Айтиш керак, "онлайн" мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилиши табиий газ таъминоти соҳасини янада ривожлантириш, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланишда асос бўлмоқда. Пировардида, бу табиий газ таъминоти билан боғлиқ қатор муаммоларнинг бартараф этилишига ёрдам беряпти.

Аслида ҳам барча соҳа, жумладан, газ таъминотида ҳам амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида истеъмолчи манфаати устувор ҳисобланади. Зеро, мақсадли лойиҳалар тизимда шаффофликни таъминлаб, истеъмолчиларнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, иш унумида самарадорликни оширади.

 

А.Бўриев, ЎзА