Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг тўққиз ойлик ижроси тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.
Маълумки, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 44 та вазирлик ва идораларга 712 та мақсадли индикаторни бажариш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш ва эшитиш белгилаб қўйилган.
Шу мақсадда ташкил этилган эшитувда таъкидланганидек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида 3 та дастур доирасида 23 та индикаторни бажариши учун йил бошига 753,8 млрд. сўм маблағ режалаштирилган. 2025 йилда режа 779,9 млрд. сўмга аниқлаштирилган ва ҳисобот даври якунига кўра касса харажатлари 452,3 млрд. сўмни ташкил этган.

Вазирлик томонидан мақсадли индикаторларнинг 15 таси тўлиқ, 3 таси қисман бажарилган бўлса, 5 та индикатор ижроси бажарилмаган.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси трансфертлари учун 250 млрд. сўм режалаштирилган бўлса, ҳисобот даврида 127 млрд. сўм режага нисбатан 51,2 фоизга ижро этилган.
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида субсидиялар ажратилган аёллар учун режага асосан 40 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган бўлса-да, индикатор ижроси қисман бажарилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан эса 7 та дастур доирасида мақсадли индикаторнинг 14 тасини бажариш учун йил бошига 21139,4 млрд. сўм маблағ режалаштирилган. 2025 йил давомида режа 21239,6 млрд. сўмга аниқлаштирилган ва ҳисобот даври якунига кўра касса харажатлари 13556,2 млрд. сўмни ташкил этган.

Шунингдек, 2025 йил тўққиз ойида “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида олиб борилган ишлар ҳам таҳлил қилинди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, бунда мақсадли индикаторлар ижросига қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш ва уни мунтазам амалга ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА