11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни
Юртимизда “Инсон қадри учун!” тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш борасидаги ишларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, тиббий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашдек мақсадларни кўзлаган ташкилот фаолияти кейинги йилларда анча такомиллашди, ишлар кўлами кенгайди.
Энг аввало, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий масалаларда Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги кучайди. Касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳамда уларнинг оила аъзоларини бош келишув, тармоқлар миқёсида қабул қилинадиган тармоқ ва таъриф келишувлари, вилоят миқёсида тузиладиган уч томонлама келишув ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар ва касаба уюшма ташкилотлари ўртасида тузиладиган жамоа шартномалари орқали ҳимоя қилади. Шунингдек, касаба уюшмаси аралашуви билан иш берувчилар томонидан ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг дам олишини ташкил этиш, байрам тадбирлари ҳамда саёҳатлар уюштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижроси юзасидан вилоят бандлик бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари билан ҳамкорликда жойларда бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилиб, бу тадбирларга ишсиз фуқаролар жалб этилди. Корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан яратилган квота ва бўш иш ўринлари, бу жойларга ишсиз фуқароларнинг қабул қилиниши мониторинг қилиб борилмоқда. Шунингдек, ходимлар меҳнат муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида иш берувчиларга қўйиладиган талаблар бўйича жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Бу каби тадбирлар жараёнида 25 та корхонага амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳар йилги анъанага кўра, 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан корхона ва ташкилотларда учрашувлар ташкил этилиб, меҳнатни муҳофаза қилишда иш берувчилар, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бунда касаба уюшмаларининг тутган ўрни тушунтирилди.
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоятимиздаги ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномаларнинг бажарилиши ва янги жамоа шартномаларини қабул қилиш юзасидан йиғилишлар, учрашувлар мунтазам ўтказилмоқда. Савдо-саноат палатаси, вилоят ҳокимлиги ва вилоят касаба уюшмалари кенгаши томонидан тузилган келишувнинг муҳокамаси бўлиб ўтди. Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан миллий мониторинг ташкил этилди. Касаба уюшмалари фаолиятининг йўналишлари бўйича асосий ишлар бошланғич ташкилотларда амалга оширилиши инобатга олиниб, уларнинг молиявий имкониятларини кучайтиришга қаратилган чораларни белгилаб олиш, бошланғич ташкилотларга эътиборни янада кучайтириш мақсадида, йиғилаётган аъзолик бадалларининг асосий қисми, яъни 60-70 фоизи уларнинг ихтиёрида қолдирилмоқда. Кейинги пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан турли соҳалар вакиллари учун танловлар ўтказиш анъанага айланди.
Хусусан, “Аёллар дафтари” тизими бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишларда барчага ўрнак бўлаётган, аёлларнинг муаммо ва мурожаатлари ҳал этилишига салмоқли ҳисса қўшаётган масъул ходимларни рағбатлантириш мақсадида танлов эълон қилинган. Унда “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг намунали иш берувчи аёл”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” ва “Энг яхши ёшлар етакчиси” йўналишлари бўйича фаоллар рағбатлантирилмоқда. Вилоятимиздан ҳам ушбу танловда фаол қатнашиб, республика миқёсида эътироф этилаётган вакилларимиз борлиги қувонарлидир.
Бир сўз билан айтганда, бугун касаба уюшмалари жамиятда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаол иш олиб бормоқда, меҳнат муносабатларида барқарорликка эришиш йўлида изланмоқда. Бу мақсадларга эришишда эса барчамиз ҳамжиҳат бўлсак, ҳар биримиз ўз жойимизда астойдил меҳнат қилсак, албатта, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Суҳроб Рафиқов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси
ЎзА.