Муносабат
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ўз кўлами ва келгуси режалар билан янада самарали тус олмоқда. Ислоҳотлар ва улардан кутилаётган натижадорлик оламшумул аҳамиятга эга эканлиги билан ҳам қувонарли албатта.
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида қайд этилган таҳлилий маълумотлар ҳар биримизга ишонч бериши билан бир қаторда масъулият ҳам юклайди.

Жумладан, ўтган йил давомида 5 миллион аҳолимиз даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга, камбағаллик 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушганлиги, натижада 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқиб, кўплаб маҳаллалар “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилгани фаровонлик сари ташланаётган қадамларимизнинг ишончли эканидан далолатдир.
Президентимиз томонидан одилона ва узоқни кўзлаб олиб бораётган ижобий стратегик давлат сиёсати дунё ҳамжамияти томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Мамлакатимиз глобал масалалар муҳокама этиладиган халқаро мулоқот майдонига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг: “Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз”- деган сўзлари юрагимни тўлқинлантириб юборди. Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, ўзгаришларни ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”, дедилар.
Дарҳақиқат, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя – Ватан манфаати, халқимиз манфаати йўлида жипслашишимиз зарурлигини даврнинг ўзи кўрсатиб турипти. Мақсадга эришишимизда эса маҳалла тизимининг таъсири ва кучидан фойдаланишимиз зарурлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Шу сабабли 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинганлиги халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди.
Шунингдек, давлат раҳбари аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонликларни олдини олиш юзасидан ҳам Мурожаатномада тўхталиб ўтди. Сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 2 мингдан зиёд жиноят содир этилганлигини, оилавий зўравонлик жамиятга тегишли масала эканлигини куйиниб гапирди.
Жамият тараққиётининг кушандаси, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган коррупция иллатига қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” белгиланди.
Мурожаатноманинг асосий негизини ташкил этган 2026 йилда амалга ошириладиган 6 та устувор йўналишдан иборат дастурнинг асл мазмун моҳиятида ҳам халқимизнинг фаровон турмуш тарзи, инсон қадри, фарзандларимизни бахтли ҳаёт кечиришлари мужассамлигини кўрамиз.
Ватанимизнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксалтирадиган, авлодларимизни келажагини белгилаб берадиган бу дастуриламални бажаришда ҳар биримиз жавобгар эканлигимизни ҳис қилмоғимиз керак.
Жаҳон маънавияти ва маърифати майдонига иккита ренессансни туҳфа этган, учинчи ренессанс пойдеворини барпо этишга ҳаракат қилаётган буюк миллатмиз. 2026 йилда ўзбек космонавтини фазога парвоз этиши ҳақидаги хушхабар ҳар бир Ватандошимизда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотганлиги шубҳасиздир.
Муҳтарам Президентимиз айтганидек: “Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб олға интилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз!”
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси негизида халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, инсон қадрининг ҳар нарсадан улуғлиги, маърифатли фарзандларни камол топтиришдек буюк мақсадлар мужассамлигини англадик.
Белгиланган устувор вазифаларни амалга оширилишида бор куч ва салоҳиятимиз билан ҳаракат қилишимиз эртанги кунимизнинг барокатли бўлишига замин яратади.
Пардахол Норқобилова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси