Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида табиат муҳофазаси ва экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2 993 та назорат-рейд тадбири ўтказилди.
Натижада 2 947 нафар жавобгар шахсга нисбатан 3 миллиард 785 миллион сўмлик жарима қўлланилди. Шунинг 2 миллиард 180 миллион сўмидан ортиғи ундирилиб, ундириш даражаси 94,2 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида 318 нафар мансабдор шахсга 843 миллион сўм, 2 629 нафар фуқарога эса 2,9 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланди. Ундирилган маблағнинг 1,26 миллиард сўми Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Жамғарма ҳисоб рақамига, 915 миллион сўмдан ортиқ қисми эса Мажбурий ижро органлари орқали давлат бюджетига йўналтирилди.

Йўналишлар кесимида энг кўп ҳуқуқбузарликлар чиқиндилар билан боғлиқ соҳада қайд этилди — 1 470 ҳолатда 701 миллион сўм жарима солинган. Шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 797 шахсга 428 миллион сўм, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича 381 шахсга 1,2 миллиард сўм, биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бўйича 299 шахсга 1,4 миллиард сўм миқдорида жарималар белгиланди.
Маъмурий жаримани ихтиёрий тўламаган ҳолатларда ҳам қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 49 ҳолатда 53 миллион сўм, 23 ҳолатда эса 52 миллион сўмлик даъво материаллари мажбурий ижро органларига юборилди.

Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг назорат инспекцияси бошлиғи Бекзод Қўлдошевнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган ишлар нафақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, балки экологик маданиятни оширишга қаратилган профилактик фаолиятни ҳам қамраб олган:
– Биз учун асосий мақсад — жарималар сонини кўпайтириш эмас, балки табиатни муҳофаза қилиш бўйича масъулиятни кучайтиришдир. Ҳар бир фуқаро ва ташкилот атроф-муҳитга таъсир кўрсатаётганини англаши зарур. Шу боис, биз жойларда экологик тарғибот тадбирларини, таълим муассасаларида учрашувларни мунтазам ўтказяпмиз, – деди Бекзод Қўлдошев.

Унинг сўзларига кўра, яқин орада вилоятда “Яшил макон”, “Тоза ҳудуд” ва “Экологик маданият ойлиги” лойиҳалари доирасида кенг қамровли амалий ишлар ташкил этилади. Бу чора-тадбирлар нафақат чиқиндиларни камайтириш, балки аҳоли онгида табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА