Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсадимиз – замонавий ўзбек аёли қиёфаси қандай шаклланганини кўрсатиш (+видео)
20:23 / 2026-02-06

Президент ташрифидан сўнг...

Президент Шавкат Мирзиёев 23 январь куни Олмазор тумани Ҳастимом маҳалласидаги Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишган эди. 

Мазкур кўчада ҳунарманд аёлларимиз учун ҳам савдо марказлари очилиб, кўплаб иш ўринлари яратилган. Президент ташриф доирасида тадбиркор ва ҳунарманд, Францияда малака ошириб келган дизайнер Элнора Ибрагимова-Ризаева билан суҳбатлашди. У давлатимиз раҳбарига Ислом цивилизацияси маркази ёнида барпо этилган “Занмакон” экотизими ҳақида айтиб берган эди. Қайд этиш керак, “Занмакон” – галерея, аёллар уй музейи, шунингдек, дизайнерлар устахоналари ва ҳунармандлар фаолият юритадиган кутубхона ҳамда мастер-класслар учун ҳудудни ўз ичига олади.

ЎзА ижодий жамоаси Элнора билан ҳамкорликда махсус видео тайёрлади. Материалда объектлардаги маданий-тарихий ашёлар, аёллар қўлда тиккан кийимлар ва сақланаётган асарлар ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, Президент ташрифи доирасида илгари сурилган ташаббуслар, аёллар уй музейидаги ишлар алоҳида кўрсатилган. 

– Президент Шавкат Мирзиёев музейимизни кўздан кечирдилар. Мен давлатимиз раҳбарига хотин-қизлар учун яратилган объектларни экскурсия қилиб кўрсатдим. Бу мен учун жуда катта шараф. Президентимиз бизнинг ишларимизга баҳо бергани ва шу йўналишда янада олға интилишимизни айтгани жуда қувонарли. Биз давлатимиз раҳбаридан ниҳоятда миннатдормиз. Зеро, ёнимиздаги Ислом цивилизацияси маркази шаҳарнинг эски қисмида яшовчи барча аҳоли ва сайёҳлар учун жамланиш нуқтасига айланган, – деди ҳунарманд қиз. – Галереямизда маҳаллий ва хорижий брендлар жойлашган. Дизайнер ва рассом аёллар томонидан яратилган янги сувенир ҳайкалчалар, ҳунармандлар томонидан тайёрланган сумкалар мавжуд. Заргарлик буюмларидан иборат брендларимиз, айниқса, сайёҳларни ўзига жалб этаётгани Президентимизга жуда манзур бўлди.

“Stone City” деб аталган брендимни ҳам намойиш қилдим. Бу Парижда яшаб, ўқиб юрган кезларимда асос солган лойиҳам ҳисобланади. Бу ўзбек матоларидан тикиладиган кийимлар бренди. Президент “The Clothes” – кундалик кийиш учун мўлжалланган кийимлар бренди билан ҳам танишдилар. Бундай услубдаги кийимлар трендлардан мустақил, уни ҳар доим, ҳар қандай тадбирларда кийиш мумкинлигини қайд этдим. 

Маконимизнинг муҳим қисми – аёллар музейи сифатида эътироф этилди. Ушбу музейни сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун яратганмиз. “Занмакон”нинг концепцияси “Маҳалла – меҳмон”. Яъни, биз усталармиз, мамлакатимизга келган меҳмонлар, ўз маҳалламиз аҳолиси билан ҳам мулоқот қиламиз. Бу эса ишлаш, ривожланиш ва янги билимларни эгаллаш учун яхши муҳит яратади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу музейни яратишдан мақсадимиз – юртдошларимиз, айниқса, аёллар ва сайёҳларга ўзбек аёли аслида ким, сўнгги 125 йил давомида қандай бўлгани, замонавий аёл қиёфаси қандай шаклланганини кўрсатишдир.

Давоми видеода…

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GthSGmV2lZg" title="Эльнора, пообщавшаяся с Президентом" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Улуғбек ТЎХТАЕВ (видео), ЎзА