Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсадимиз – тинчликка асосланган қадимий алоқаларни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш
17:48 / 2024-10-07

Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фарук иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида элчи жаноблари Ўзбекистон – Покистон муносабатлари ва умумий йўналишлар ҳақида қисқача маълумот берди.   

– Дин, тарих ва маданият муштараклиги Покистон – Ўзбекистон муносабатларининг пойдеворини ташкил этади. Маданий умумийликларимиз кийим-кечак, таомлар ва меъморчиликда намоён бўлади. Қолаверса, асрлар давомида ҳозирги Покистон ва Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар тижорий ва савдо алоқаларига эга бўлган,  – деди Покистон элчиси.   

Таъкидланганидек, икки мамлакат халқларининг нафақат ўтмиши, балки халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида чамбарчас боғлиқ келажаги ҳам бор. Энди бизнинг мақсадимиз иқтисодий тараққиёт, минтақавий алоқалар ва тинчликка асосланган қадимий алоқаларни қайта тиклаш ва мустаҳкамлашдан иборат.   

– Покистон – Ўзбекистон муносабатлари жуда ижобий йўналишда кетаётганини сиз билан баҳам кўришдан жуда мамнунман. Бу юқори даражадаги ўзаро муносабатларнинг кўпайишида намоёндир. 2021 йилдан буён ҳар йили ўртача учта олий даражадаги ва ташқи ишлар вазирлари даражасидаги ўзаро мулоқотлар бўлиб ўтди. Покистон Бош вазири ва Ўзбекистон Президенти 2024 йил июль ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида учрашди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Покистондаги умумий сайловлардан кейин ушбу давлатга ташриф буюрган илк ташқи ишлар вазири ҳам бўлди. Бундай ўзаро муносабатлар томонларнинг дўстона алоқаларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга интилишини яна бир бор тасдиқлайди, – деди Покистон элчиси Аҳмад Фарук.   

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқалари изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон – Покистон транзит савдоси тўғрисидаги битим  ва имтиёзли савдо битими  амалга оширилди. Бу эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада оширишга ёрдам берди. Мақсадимиз ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир миллиард долларга етказишдир, дея таъкидлади Покистон элчиси.   

Савдони ривожлантириш саъй-ҳаракатлари доирасида 2024 йил июнь ойи охирида “Покистонда ишлаб чиқарилган” номли Покистон ягона мамлакат кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу Покистоннинг Марказий Осиёдаги ва Ўзбекистондаги биринчи кўргазмаси эди. Кўргазмада тўқимачилик, тиббиёт ускуналари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби кўплаб соҳаларга ихтисослашган 80 дан ортиқ компания иштирок этди. Покистон ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасида мингдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди.   

Покистон денгизга чиқиш учун Ўзбекистонга, аслида бутун Марказий Осиё учун энг қисқа ва иқтисодий йўлни таклиф қилади. Покистонда бутун минтақа эҳтиёжларини қондира оладиган учта порт мавжуд ва Ўзбекистон минтақадаги марказий жойлашуви туфайли бу борада муҳим марказ ҳисобланади. Ўтган йили Покистон ва Ўзбекистон ўртасида Афғонистон орқали миллион тоннага яқин юк жўнатилди.   

Етакчи юк ташиш компаниялари ўтган йилдан бошлаб сифатли ва муаммосиз транспорт хизматларини кўрсатадиган ТИР операцияларини бошладилар. Бу Покистон портларидан Марказий Осиёга юк ташиш вақти ва нархини янада пасайтирди. Энди биз Карачидан Термизга 12 кундан камроқ вақт ичида юк жўнатишимиз мумкин. Биз бу вақтни янада қисқартириш устида ишлаяпмиз, дея қайд этди Покистон элчиси.   

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2024 йил июнь ойида Тошкентда минтақавий алоқа сиёсати доирасида Логистика форуми бўлиб ўтди. Унда логистика фирмалари, юк ташиш агентлари, савдо ва сармоя вакиллари, соҳа мутахассислари, бизнес эгалари ва бошқалар иштирок этди. Форумда Покистоннинг Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқни боғловчи ва дарвоза бўлиб хизмат қилувчи стратегик жойлашуви муҳокама қилинди. 

Икки давлат минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, айниқса терроризмга қарши кураш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Худди шундай, томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилмоқда.   

Покистон-Ўзбекистон ўзаро муносабатларида халқларимиз бебаҳо бойликдир.

Одамларнинг ўзаро мулоқот қилишларини осонлаштириш мақсадида, яқинда Покистон Ўзбекистон фуқаролари учун янги эркинлаштирилган виза режимини жорий қилганини мамнуният билан айтиб ўтамиз. Бунда улар Покистонга 90 кунлик кўп марталик кириш визасини бепул олишлари мумкин. Икки мамлакат ўртасидаги туризм ва бизнесни осонлаштириш учун қайта ишлаш муддати ҳам қисқартирилди.   

Анжуманда элчи жаноблари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. У журналистлар билан учрашиб туриш мулоқот қилишнинг муҳим жиҳати эканини таъкидлаб ўтди.   

Шарофиддин Тўлаганов