Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсадимиз – сувдан самарали ва оқилона фойдаланиш
16:54 / 2020-12-24

Аграр соҳада сув ресурсларидан фойдаланишни бошқаришдан кўзланган асосий мақсад – ундан самарали ва оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка барҳам бериш ва фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборат.

Қишлоқ хўжалиги республикамизда иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири саналади. Соҳа ривожида қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, ишчи ҳолатини сақлаш ва бошқа агротадбирларни ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки экинлар ҳосилдорлигини ошириш сув ресурслари таъминоти билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Амалга оширилаётган ишларни доимий таҳлил қилиб бориш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишга хизмат қилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлар билан бирга, баъзи муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати, сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда белгиланган қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш ваколати берилган. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Ушбу қарор билан тасдиқланган низом талабларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг бўлинмаларида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган давридаги фаолияти бўйича текширув ўтказилди, – дейди инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош инспектори Акбар Қозиев. – Текширув давомида мавжуд 1164 дона гидропостнинг белгиланган тартибда аттестациядан, шунингдек, сув ўлчаш воситаларининг давлат қиёслов кўригидан ўтказилиши бўйича бир қанча камчиликлар аниқланиб, туманлардаги ирригация бўлимларига кўрсатмалар берилди. Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш учун аниқ чоралар кўрилмоқда.

Текширув натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича вазирлик тизимидаги 20 нафар мансабдор шахсга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жарималар қўлланилди. Шунингдек, бошқа аниқланган камчиликлар бўйича ирригация бўлимлари ходимларининг интизомий масалаларини кўриш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири номига тақдимнома киритилди.
 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА