Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсадимиз– сифатли ҳамда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш
23:20 / 2023-11-03

Бугунги кунда юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари томонидан маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, иссиқхоналарнинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтишини рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоыда.

Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йилнинг 27 октябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотларни экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни муддао бўлди.

Қарорда иссиқхоначилар учун бир қатор ижобий янгиликлар борлиги шу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир тадбиркорни қувонтирди.

Жумладан, бир қатор тижорат банкларига кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжалигини ташкил қилган ҳар бир мижознинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг кредитларини қайтариш муддатини узайтириш чораларини кўриш юклатилган бўлса, тегишли талабларни бажарганда кўмир ёқилғисига ўтказиш белгиланган иссиқхона хўжаликларига 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ етказилишини йўлга қўйилиши айтилди.  

Шунингдек, кўмир ёқилғисига ўтказилган иссиқхоналарг айрим харажатларининг бир қисми қопланиши ва айрим йўналишдаги кредитларнинг имтиёзли давр билан берилиши, шу билан бирга сердаромад янги экин турларини етиштириш ҳамда ҳосилдорлик ва даромадни ошириш мақсадида иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг ярми жамғармалар ҳисобидан тўлаб берилиши соҳага янгича нафас олиб киради, деб ҳисоблайман.

Бизнинг “ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компаниямиз томонидан 2019 йилда лойиҳа қиймати 6 миллион АҚШ доллари бўлган 3 гектар иссиқхона ва 1 гектар кўчат етиштириш мажмуаси фаолият бошлаган эди. Натижада 60 киши иш билан таъминланган.

2021 йилда эса 6 гектар ер майдонида лойиҳа қиймати 9 миллион АҚШ долларилик шишали, энерготежамкор иссиқхонанинг ишга туширилиши натижасида 70 киши иш билан таъминланди.

Кўчат етиштириш мажмуасида нафақат вилоятимиз, балки қўшни вилоятларда жойлашган иссиқхоналар учун турли навдаги, помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби кўчатлар етказиб берилмоқда.

Иссиқхоналарда асосан 4 навдаги помидор маҳсулотлари етиштирилиб, уларнинг аксар қисми Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.

Бугунги кунда мажмуа фаолияти кенгайтирилиб, 2 гектар ер майдонида Нидерландия технологиялари асосида гидропоника усулидаги иссиқхона ҳамда 2 гектар ер майдонида Корея технологиялари асосидаги иссиқхона қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йил якунида мазкур лойиҳалар ишга тушиши натижасида 70 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида кичик агрологистика маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, жорий йил якунига қадар мазкур марказ фаолияти ҳам ўз ишини бошлайди.

Албатта, иссиқхонамиз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этамиз ҳамда хорижга, аҳоли ва бозорларимизга сифатли, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берамиз.

 

Улуғбек Файзиев,  

“ZARAFSHAN GOLDEN GROUP” компанияси таъсисчиси,  

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА