Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мақсадим, янги узум навини яратишдир”
09:30 / 2021-08-05

Замонамизнинг ёш қаҳрамонлари

Ҳар бир замоннинг ўз қаҳрамони бўлади. Кимдир Ватани озодлиги учун курашганларни, яна кимдир буюк кашфиётлар қилиб номини тарих зарварақларига муҳрлаганларни, яна кимдир турли спорт мусобақаларида ғалаба қозониб, юрт байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтараётганларни замон қаҳрамони, дейди.

Яна шундай замонамиз қаҳрамонлари борки, улар ўз фаолиятлари давомида бор билими ва тажрибасини ишга солиб шу юрт, шу халқ фаровонлиги учун сафарбар этади.

Бугунги қаҳрамонимиз эса ўз меҳнати, пешона тери эвазига юртимиз равнақига ўз ҳисасини қўшиб келаётган ёшлардан бири.

Абдужаббор Авезов 30 ёшда. У Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Гулбоғ” маҳалласида туғилган. Отасидан деҳқончилик ва боғдорчилик сир-асрорларини ўрганган. Ҳозирда “Саид Сирж Самандар” фермер хўжалигини бошқариб келмоқда.  

Оилавий муҳит сабабли Абдужаббор ёшлигидан боғдорчиликка, асосан, узумчиликка қизиқди.

– 2016 йил 5 май куни туман ҳокими узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашувда: “Фарғонанинг Олтиариқ туманидаги боғбонлар эришаётган натижалар, уларнинг экспортдаги улуши тўғрисида гапириб, туманда ҳам узумчилик билан шуғулланувчи фермерлар кўпчиликни ташкил этиши, узумчиликни ривожлантириш мумкин эканлигини билдирган эди, – дея эслайди қаҳрамонимиз. – Шундан кейин узум навларини кўпайтиришга, ниҳолларини ҳавоза шаклида ўстиришга эътибор қаратдим. Узумчилик билан шуғулланувчи боғбонлар билан учрашсам, албатта, улардан соҳадаги янгиликларни сўраб ўрганаман. Узум навларини парваришлаш усулларини сўрайман.

Ҳозирда А.Авезов бир гектар майдонда узумнинг гигант, мерс, кетмон сопи, ризамат ота, қора кишмиш навларини парваришлаб келмоқда.  

– Узумнинг гигант навини Самарқанддан олиб келганман, – дейди Абдужаббор. – Унинг майизи донаси йириклиги, данаги йўқлиги билан ажралиб туради. Майиз қилиш жараёнида оби-тобида қуритсангиз, килосини 200 минг сўм атрофида сотиш мумкин. Майизи ширинлиги боис жуда харидоргир.  

Узумчиликнинг орқасидан қаҳармонимиз оила тебратиб келмоқда. Енгил автомашина олди. Ҳозирда икки қаватли иморат қурмоқда. “Барчаси узумчиликнинг орқасидан. Қанчалик кўп меҳнат қилсангиз, меҳнатдан қочмасангиз, ҳосил ҳам баракали бўлади”, дейди Абдужаббор.

Унинг айтишича, ҳар йили ички бозорга 25-30 тонна узум сотиб, 5 тонна атрофида майиз тайёрлар экан. Даромад ҳам шунга яраша 250-300 миллион сўмни ташкил этади.  

Жорий йилнинг 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари юртимизда азалдан узумчилик анъанаси бўлгани, уни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Узумчилик халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи. Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғлиқ. Ҳар бир кўчада, хонадонда ток бўлган. Ҳусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, узум таркибида кўп миқдорда қандлар, органик кислоталар, С, В витаминлари, ошловчи ва бўёқ моддалар бор. Баргида эса С, В, К витаминлари, каротин, никотин, фолий кислотаси, флавоноидлар, катехин ва ошловчи моддалар мавжуд. Халқ табобатида эса узум шарбати, шунингдек, узумнинг нордон навлари иштаҳани очувчи ва овқат ҳазм қилишни яхшиловчи восита сифатида қўлланилади. Яхши пишган узум, айниқса, қора нави камқонликни даволашда ва камқувват беморларга мадор беришда қўлланилади.  

Абу Али ибн Сино эса узумнинг хусусиятлари ҳақида шундай ёзади: “Бир мунча муддат олиб қўйилган узум танани яхши озиқлантириб, қувватлантиради. Яхши пишган узумнинг зарари пишмаганидан камроқдир. Узумнинг ўзи шарбатидан кўра фойдалироқдир. Узум ва данакли мағиз ичак оғриғида яхши фойда қилади. Шунингдек, майизи буйрак ва қовуқ учун ҳам фойдали. Ичкетиш ва йўғон ичак хасталикларида ҳам фойдали. Узум поясининг суви тошларни майдалайди, сўгал, қонталаш, темираткини даволайди”.

Видеоселектор йиғилишда Президентимиз ҳар бир вилоятда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Айни пайтда Қизилтепа туманида ҳам ҳудудларни узумчиликка ихтисослаштириш ва аҳоли хонадонларида узум етиштириш тизимини жорий этиш юзасидан ишлар бошлаб юборилди.

– Видеоселектордан кейин менда ҳам узумзор боғимизни янада кенгайтириш мақсади пайдо бўлди, – дейди А.Авезов. – Яна 10 гектар ер олиб узумзор плантациясини ташкил этмоқчиман. Ниятим эса, худди Ризамат ота каби янги узум навини яратиб, аҳоли дастурхонига шириндан ширин узум навини тортиқ этиш. Ҳозирда ҳудудлардан турли навларни олиб келиб, ниҳолларни бир-бирига пайвандлаб синаб кўраяпман. Албатта, келажакда янги нав яратаман. Мен бунга ишонаман ва шу йўлда меҳнат қилмоқдаман.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА