Мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олаётган спортчи қизларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Улардан бири – енгил атлетикачи қизимиз Жонбиби Ҳукмова. У 2005 йил Қашқадарё вилоятининг Касби туманида туғилган. 17 ёшида илк мураббийи Карим Турсунов қўл остида енгил атлетика сирларини ўрганган.

– Жонбибининг илк машғулотга келган куни ҳеч ёдимдан чиқмайди, – дейди К.Турсунов. – Унда дастлабки кунларданоқ ўзига хос ҳаракатчанлик, ғалабага бўлган интилиш, атлетларга хос бўлган чидам ва сабрни сезганман. У қийин бўлса-да, ҳар бир машқни тўла ўзлаштириб, уни бехато бажармагунча тиниб-тинчимас эди. Енгил атлетикага бўлган муҳаббати 2022 йилги "Беш ташаббус олимпиадаси"да иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритгандан сўнг янада ошди ва профессионал фаолиятини бошлади.

Ж.Ҳукмова туман, шаҳар ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, маҳоратини оширди. 2022 йил Ўзбекистон чемпионатининг 400 метр масофага югуриш бўйича ўтган баҳсларида чемпионга айланган бўлса, ушбу масофада 2023 йил бронза медали билан тақдирланди.
Жонбиби ўз устида ишлашда давом этди. Бунинг самарасида у 2024 йил январь ва февраль ойларида ёпиқ иншоотларда ўтган турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатида 400 ва 200 метр масофаларда жами 4 та олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, мамлакат очиқ чемпионатида 800 метрга югуришда олтин, U20 ёш тоифасидаги очиқ майдонда ўтган миллий биринчиликда 400 ва 200 метр масофадаги баҳсларда чемпионга айланди.
Жонбиби учун айнан 2024 йил халқаро майдондаги муваффақиятлар ҳам эшик очди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, атлетимиз 24–26 апрель кунлари Дубай шаҳрида ўтган XXI Осиё чемпионатининг U20 ёш тоифасидаги баҳсларида 400 метр масофани биринчи бўлиб босиб ўтди ва олтин медалга сазовор бўлди. Май ойида пойтахтимиз мезбонлик қилган Марказий Осиё очиқ чемпионатида кумуш медалга эга чиқди. Г.Арзуманов халқаро хотира турнирида 800 метр масофадаги баҳсларни биринчи ўринда якунлади.

Июнь ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри мезбонлигида ўтган Гусман Косанов хотира турнири ва Тошкентда ташкил этилган “Silk Road to Paris” халқаро турнирида олтин (800 м) медалларга сазовор бўлди. Перунинг Лима шаҳрида ўтган U20 Жаҳон чемпионатида ярим финалга қадар етиб борди.
Маҳоратли спортчимиз Жонбиби Ҳукмова 2025 йил ҳам мамлакат биринчилигида 200 ва 400 метрга югуришда ҳамон тенгсиз эканини исботлади. Самарқандда ўтган “Универсиада” мусобақасида 100 ва 200 метр масофага биринчи бўлиб етиб келди.
Ўтган йили Жанубий Кореянинг Гумми шаҳрида ташкил этилган Осиё чемпионатида бронза (400 м), Тошкентда ўтказилган “UNG Meeting” мусобақасида олтин ва Г.Арзуманов халқаро хотира турнирида 2 та кумуш медалга эга чиқди. Шунингдек, Германия давлатининг қатор шаҳарлари мезбонлик қилган Бутунжаҳон универсиада ўйинларида иштирок этди.
Жорий йилги мавсум ҳам Жонбиби Ҳукмова учун омадли бошланди. Маҳоратли атлетимиз Тяньцзинь шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтган XII Осиё чемпионатининг 400 метр масофага югуриш баҳсларида 53.61 сония натижа билан қитъа чемпионига айланди.
– Нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларим замирида Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни, жумладан, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор мужассам, – дейди Ж.Ҳукмова. – Осиё чемпионатида эришган ғалабамни жорий йили Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтадиган XX Осиё ўйинларида ҳам такрорлаш учун бор куч-ғайратимни сарфлайман. Шунингдек, яна бир асосий мақсадларимдан бири 2028 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этиш.
Айни кунларда мамлакатимиз хотин-қизлар терма жамоасининг иқтидорли ёшларидан бири бўлган Жонбиби Ҳукмова мураббийи Жавоҳир Саидов қўл остида ўз маҳоратини ошириш устида тинимсиз ишламоқда. Спортчимиз келгусида енгил атлетика оламининг янги-янги чўққиларини забт этиши шубҳасиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА