Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Мақсадим, Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш"
11:53 / 2022-02-25

Дунёнинг турли минтақаларида бўлиб ўтаётган нуфузли мусобaқаларда Ўзбекистон спортчиларининг юксак ғалaбаларни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини баланд кўтараётгани фахр бағишлайди.

Ёш спортчиларимизни ушбу юқори марраларни забт этишида Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз спорт федерация ва ассоциациялари ўзларининг бор имкониятларини ишга солмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси сўнгги йилларда ёш спортчиларни тажрибасини янада юксалтириш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳоратини янада ошириш мақсадида спортчилар хориж мамлакатлари клубларига юборилмоқда.

Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳозирда Германиянинг Ганновер шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "SV Arminia Hannover" клубида ўз маҳоратини ошираётган Абдулазиз Анарбоев билан суҳбатлашдик.

– Абдулазиз, нечи ёшдан бери стол тенниси билан шуғулланасиз? 

– Мазкур спорт тури билан 11 ёшимдан бери шуғулланаман. Отам болалигимда ушбу спорт турига қизиққанимни сезиб, мураббий Обид Ғофуров тўгарагига олиб борган. Илк мураббийимдан бир қатор стол тенниси сирларини ўргана бошладим. Туман, шаҳар ва вилоят мусобақаларида тобланиб мамлакат чемпионатларида иштирок этдим ва 2000 йилда туғилган ёшлар ўртасида мамлакат чемпионига айландим. Шунингдек 2020 ва 2021 йилларда катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида бронза медалини қўлга киритдим. 

– Нега айнан Германияда шуғулланмоқдасиз? 

– Аввало бу ерга келишимдан асосий мақсадим – ўйин услубим ва маҳоратимни юксалтириб, турли нуфузли спорт мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида ҳамда Олимпия ўйинларида иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини юқорига олиб чиқишдир. 

Фаолиятим давомида Латвия, Молдова, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатларда ҳам шуғулландим. Бироқ Германиядаги машғулотлар ўзгача эканини ҳис қилдим. Мана, 2019 йилдан бери Ганновердаман, бу ердаги шароитлар аъло даражада. Халлар, стол теннис жиҳозларида ва шунингдек, молиявий тарафлама имкониятлар юқори. Шунингдек, бу ерда тажрибамни оширишдан мақсад 2024 йили Париж шаҳрида ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишдир. 

– Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан сизга қандай шарт-шароитлар яратилмоқда? 

– Мамлакатимиз Стол тенниси федерация биз спортчиларга доимо имкониятлар яратишга ҳаракат қилиб келади ва буни уддалайди. Айниқса, сўнгги йилларда янги заллар, қулай ва замонавий стол теннис жиҳозлари билан таъминлаб келмоқда. Шунингдек, ёш спортчиларга асосан халқаро мусобақаларга чиқиши ва тажриба орттиришимиз учун барча имкониятларни яратиб келмоқда. Бунинг учун федерациядан миннатдормиз. 

– 2021 йили Қатарда ўтказилган Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизликни қандай изоҳлайсиз? 

– Доха шаҳрида ўтган қитъа чемпионати ҳақида гапирадиган бўлсам, шахсан мени биринчи Осиё чемпионатим эди. Мусобақанинг гуруҳ босқичида муваффақиятли иштирок этиб, барча рақибларимизни енгдик. Жамоамиз кучли эди. Афсуски, навбатдаги босқичда Саудия Арабистонига 3-2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйдик. Мусобақада тажриба камлик қилди ва ўзимиз хоҳлаган ўйинни кўрсата олмадик. Бироқ, бу биз учун ўзим устимизда ишлашимиз учун катта сабоқ бўлди. Камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқарган ҳолда юқори натижаларни қайд этамиз. 

– Олдинда турган режалар ҳақида? 

– Режаларим, халқаро тоифалардаги мусобақаларда иштирок этиб, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқчиман ва мамлакатимиз терма жамоаси иштирок этадиган мусобақаларда муносиб қатнашмоқчиман.

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат! 

– Миннатдорман! 


Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА