Олимлик — олий рутба, аммо унга эришиш сизу биз ўйлагандек осон ишмас. Шу боис ҳам илм-фан билан шуғулланиб, олимлик даражасига етишни игна билан қудуқ қазишга менгзашади. Бу бежиз эмас. Илм-фаннинг номаълум, янгидан-янги нуқталарини тадқиқ этиш, маълум бир соҳада янгилик яратиш инсондан катта меҳнат, юқори салоҳият ҳамда сабр-матонатни талаб этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, илм фидойилари, айниқса, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганидан кейин, аввало, республикамиз илмий жамоатчилиги, академиклар, профессор-олимлар билан учрашгани бежиз эмас. Учрашувда республикамиз илм-фани, таълим тизимининг бугунги ҳолати ва эртанги келажаги билан боғлиқ бир қатор масалалар кўтарилган эди.
Зеро, замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, илм-фансиз юқори марраларга эришиб бўлмайди. Мамлакатнинг янада тараққий этиши учун юқори салоҳиятли, юрт равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган ёш олимларни тарбиялаш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун шарт-шароитлар яратиш, олиб бораётган тадқиқот ишларининг амалиётга жорий этилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда соҳага қаратилаётган эътибор натижасида олимлар сафи, айниқса, ёш олимлар сони ортиб бормоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетиПаралипия факультети декани, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор, Турон Фанлар Академиясининг академиги Сойибжон Тажибаев ҳам ана шундай серғайрат, ўз устида ишлашдан, изланишдан чарчамайдиган ёш олимлардан биридир. Наманган вилояти Чуст туманида оддий ишчи оиласида дунёга келган, эндигина 35 ёшни қаршилаётган ёш олим профессор даражасига етгунга қадар илмнинг, ҳаётнинг энг машаққатли йўлини босиб ўтди, оғир дамларни бошидан кечирди.
– Тошкент шаҳрига 2007 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетига магистратурага кирганимдан кейин келганман. 2007 йилдан 2017 йилга қадар ҳаётим синовли ва оғир машаққатлар билан кечди, десам муболаға бўлмайди, – дейди Сойибжон Тажибаев. – Вилоятдан Тошкент шаҳрига келиб яшаб, илмий изланишлар олиб борган ҳар бир инсон яхши биладики, ўша пайтда шаҳарда доимий рўйхатга ўтиш (прописка) муаммоси сабаб эркин яшаб, ижод қилиш учун имкониятлар бирмунча чекланган эди. Ҳар 6 ойда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш масаласи фикр-у хаёлимни банд этиб турарди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлсамда, кўча-кўйда милиция ходимларидан қочиб юрар эдим. Сабаби, ушлаб олишса, жарима солишар, жиноятчи билан гаплашгандек муомала қилишар эди. Бир томонда эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида ўқитувчи лавозимида ишлаб, бор йўғи оладиган 800 минг сўм ойлигим ижарага тўлашга, яшашга етмасди. Шу сабабли ижара ҳаққи 400 минг сўм бўлган оилавий ётоқхонада яшашга мажбур эдим. Аммо шунда ҳам бу ойлик билан қайси олим илмий янгилик қилиши мумкинлиги кулгили ҳолат.
2010 йилда аспирантурага кириб, педагогика фанлари номзоди диссертация ишимни бошладим. ЎзР ОАК томонидан қўйилган барча талабларни 2011 йилнинг охирига бориб бажариб бўлган эдим. Лекин ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорга асосан диссертацияларни ҳимоя қилиш DSc,яъни бир тизимга ўтказилди. Соҳамиз бўйича олиб борилаётган илмий ишлар деярли 95 фоизи ташлаб қўйилди. Лекин мен ишимни давом эттиришим керак эди. Чунки ота-онамга ва қишлоғимдаги яқинларимга диссертация ҳимоя қиламан, деб сўз бериб келган эдим. Мақсадимга эришмасдан ортга қайтиш эса мен учун ўлим билан баробар эди.
ЎзР ОАК томонидан DSc диссертация ишларига қўйилган барча талабларни 2016 йилнинг оҳирига бориб бажариб бўлиб, Илмий Кенгашқошидаги илмий семинардан ўтдим. Юртимизда ҳар бир соҳада амалга оширила бошланган янгилик ва ўзгаришлар менинг ҳаётимда ҳам ўз ифодасини топа бошлади – 2017 йилдан ҳаётимда кескин ўзгаришлар бўла бошлади. Президент қарорига асосан Тошкент шаҳридан доимий рўйхатдан ўтдим. Энг қувонарлиси, Тошкент шаҳар Сергели туманидан 20 йилга Итопека кредитига 2 хонали уй олиш бахти насиб қилди.
Янги уйга кўчиб бориб яшаш бахтини, қалбимдан ўтган туйғуларни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Яна шу йилда “Ёш боксчиларни тайёрлаш тизимида ҳаракатли ўйинларни қўллаш методикаси” мавзусидаги диссертация ишимни ҳимоя қилиб, Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси ихтисослиги бўйича педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига, 2017 йил 28 сентябрда эса доцент илмий унвонига эга бўлдим. 2018 йил 23 февралда Турон Фанлар Академиясининг академиги илмий унвони дипломи берилди.
2019 йилда Президентимиз қарори билан ўқитувчилар учун имтиёзли берилган Нексия-3 автомабили олдим. 2019 йилда “Ўсмир яккакурашчи–ларнинг комплекс тайёргарлигида ҳаракатли ўйинларни қўллаш методикасини илмий-педагогик асослаш” мавзусида Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси ихтисослиги бўйича докторлик диссертациямни ҳимоя қилиб, педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасига, 2020 йил 31 декабрдаэса профессор илмий унвонига эришдим. Ҳозирги вақтда фан докторлигимга 60 фоиз устама ҳаққи билан 14 миллион сўм ойлик оламан.
Албатта, қисқа муддатда ушбу кетма-кет марраларга эришиш ўз-ўзидан бўлган йўқ. Аввало, Президентимиз томонидан илм аҳлига, таълим ва спорт соҳасига қаратилаётган эътибор натижаси бу. Қолаверса, бунинг учун тинимсиз изланиб, соатлаб, ҳатто кун давомида университетда, Яккакураш турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтириб, қанчадан-қанча адабиётларни, китобларни титкилардим. Миллий кутубхонага кунда-кунора қатнаб, кечгача қолиб кетганимдан кутубхоначилар ҳам таниб қолишганди, – дейди олим.
Дарҳақиқат, олимлик орзусидаги инсоннинг куни ҳам, туни ҳам илм оғушида бедор ўтади. Бу бедорлик, безовталик, тиниб-тинчимаслик бир кун келиб, албатта, ўз мевасини бериши аниқ. Сойибжон Тажибаев ҳам игна билан қудуқ қазишдек мушкул иш — олимлик илинжида изланишдан, ҳаракатдан тўхтамагани, ҳаёт сўқмоқларида йиқилса ҳам, қоқилса ҳам мақсади сари олға интилишдан чарчамагани натижасида бугун ёш олим деган унвонга сазовор бўлди. У нафақат ёш олим, балки серғайрат инсон, билимдон, ташаббускор, етакчи мутахассис сифатида ҳам ўз ўрнига эга, қатор марраларга эришган.
Жумладан, 2015 йилда“Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” республика кўрик-танловида Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича “Энг яхши педагог-тадқиқотчи” номинацияси ғолиби, 2016 йилда “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг “Энг фаол ёш олим” номинацияси бўйича II ўрин совриндори, “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи – 2016” республика танловида “Bokschilarning sport-pedagogik mahoratini oshirish” электрон мультимедиа дарслиги билан иштирок этиб I даражали диплом билан тақдирланган. 2019 йилда Халқаро “Elsevier” компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Scopus Award – 2019” танловида “Best Scopus Journey” номинацияси бўйича мукофотланган.
Бундан ташқари, Сойибжон Тажибаев ташаббускорлиги, ташкилотчилиги боис Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “Ёш олимлар Кенгаши” раиси, олийгоҳнинг “СКУФ” спорт клуби раис ўринбосари, университет ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/30.12.2019.Ped 28.01.рақамли илмий кенгаш ва Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш қошидаги илмий семинар аъзоси, Миллий Олимпия қўмитаси ҳузурида ташкил этилган илмий комплекс гуруҳда таэквондо ва каратэ спорт турлари бўйича раҳбари ҳисобланади.
Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон таэквондо миллий терма жамоаси 2019 йил 28-30 сентябрь кунлари Россия Федерациясида ўтказилган “RUSSIAN OPEN” халқаро турнирида иштирок этиб, 5 та олтин, 2 та кумуш медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли I ўринни эгаллаган. Шунингдек, ёш олим 2019 йилдан Петровский фан ва маданият академиясининг(Россия Федерацияси) мухбир-аъзоси,“Psychology (PSYCH)” (Хитой), “Eurasian journal of sport science” (Ўзбекистон), European Journal of Research and Reflection in Educational Sciences (EJRRES) (Буюк Британия), “Молодой ученый” (Россия Федерацияси) ва “Фан-спортга” (Ўзбекистон) журналларининг таҳрир ҳайъати аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2021 йилда бажариладиган амалий лойиҳалар” танловида Сойибжон Тажибаев ва шогирдларининг “Қишки спорт турларида спортчиларнинг ҳаракат тайёргарлигини назорат қилиш ва баҳолаш учун 3d вебпорталини яратиш”лойиҳаси ғолиб бўлди. Лойиҳанинг умумий молиявий ҳажми 1 миллиард сўмни ташкил этиб, 2 йил давомида амал қилади.
Бундан ташқари, олим “Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси, “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасини тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этган.
– Бугун юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда, ёшларга кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда, – дейди Сойибжон Тажибаев.
– Бу имкониятлардан унумли фойдаланган йигит-қизлар кам бўлаётгани йўқ. Аммо, афсуски, илм-фан йўлига кирмоқчи бўлган айрим ёшларга бирор китобни ўқиш ёки бошқа бирор вазифани берсангиз, шу билан йўқолиб қолади — ўз устида ишлашни, ўқиб-изланишни хоҳламайди. Бундайларга доим мотивация беришга, тўғри йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Зеро, юртимиз равнақи, эртаси учун биз масъулмиз, Ватанимиз олдида бурч ва вазифаларимиз бисёр. Бугун юртимизда яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда зиммамиздаги бурчимизга муносиб ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Дарҳақиқат, ёш олимнинг ютуқ ва муваффақиятлари, ҳаёт қийинчиликларини енгиб, улкан марраларни забт этаётгани ҳар бир йигит-қизга намуна, ўрнак бўлишга арзийди. Сойибжон билан суҳбатлашар эканмиз, ундаги тиришқоқлик, ҳаракатчанлик, шижоат ва сабр-матонат ёш олимга бунданда юқори, юксак манзиллар сари йўл очишига амин бўлдик.
Муҳтарама Комилова, ЎзА