Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимиз орасида Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг кардиохирургия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Нисо Турдиева ҳам бор. Ёш шифокор II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланди.
Сурхондарё вилоятида туғилиб ўсган Нисо Турдиева болалигидан шифокор бўлишни кўнглига тукканди. Аммо бу ниятига етиши осон кечмади. Тиббиёт олийгоҳида ўқишга кириш учун икки йиллик уриниши бесамар кетди. Учинчи йилдагина синовлардан муваффақиятли ўтиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси бўлди. Ўқишга киргач, ўз олдига қўйган мақсади сари астойдил интилди, тинимсиз ўқиди, изланди. Институтнинг 4-курсини битиргач, ўқишни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги тиббиёт академиясида давом эттириш имконияти туғилди.
– Инсон ўз олдига қатъий мақсад қўя билиши ва унга қараб ҳаракат қилиши лозим, – дейди Н.Турдиева. – Мен Россияга аниқ мақсад билан боргандим. Яъни, мамлакатимизда мутахассис кам бўлган соҳа – кардиожарроҳликни яхши ўрганишни ният қилгандим. Бегона юртда ўқиш, яшаш осон кечмади, албатта. Лекин мақсадим сари барча қийинчилик, оғир дамларни сабр билан енгиб ўтдим. Фақат ўқидим, устозларим сабоғини олдим. Санкт-Петербург тиббиёт академиясини қизил диплом билан тугатганимдан сўнг, ректор мендан ушбу таълим муассасасида қолиб, илмий иш қилишимни сўради. Аммо бу ерда кардиожарроҳлик йўналиши бўлмагани сабабли Москвадаги А.Бакулев номли юрак-қон томир касалликлари жарроҳлиги илмий-тадқиқот институтига ҳужжатларимни топшириб, кейинги босқич таълимни ўша ерда давом эттирдим. Москвада етти йил ҳам илмий иш қилдим, ҳам ишладим, тажриба орттирдим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев чет давлатлардаги ўзимизнинг мутахассис кадрларни юртимизга қайтиб, ишлашга даъват этиб, бунинг учун барча шарт-шароит яратиб берилишини айтганда кўплаб ёшлар қатори менинг кўнглимда ҳам Ватанимизга қайтиш истаги туғилди.
Самарқанддаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилгач, Москвадаги А.Бакулев номли юрак-қон томир касалликлари жарроҳлиги илмий-тадқиқот институтига ишлаб юрган юртдошларимиз қатори Нисо Турдиева ҳам бу ерга ишга таклиф этилди.
Шу тарзда ёш кардиожарроҳ 2019 йилда Самарқандда иш бошлади. Сафдошлари билан бирга 2020 йилда 400 га яқин болага юрак операциялари муваффақиятли амалга оширилди. Дастлаб ўн ўринга мўлжаллаб ташкил этилган кардиожарроҳлик бўлими бугунга келиб 20 ўринга етказилди.
– 2019-2020 йилларда Самарқанд ва қўшни вилоятлардан келган юрак нуқсони бор болаларни ҳам замонавий усулларда операция қилиб, уларни даволаган бўлсак, эндиликда бутун республикамиздан беморларни қабул қиляпмиз, – дейди Н.Турдиева. – Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги юракда очиқ ва ёпиқ жарроҳлик амалиётларини бажаришимиз учун барча шароитни яратиб бергани операцияларимиз муваффақиятида муҳим рол ўйнамоқда. Шунинг учун давлатимизнинг юксак мукофотини бутун жамоамиз меҳнатига берилган катта баҳо, ишонч деб биламан.
Маълумотларга кўра, жорий йилда марказда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг 40 нафарга яқин фарзандлари республика “Замин” фонди кўмагида бепул операция қилинди. Шунингдек, бошқа жамоат бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг юрагида нуқсони бўлган фарзандларига шундай ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА