Бугунги кунда Бухоро вилояти Қоракўл туманида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 42 мингдан ортиқ ёшлар истиқомат қилмоқда. Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва иш билан бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Айниқса, маҳаллаларда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш, оилаларнинг даромадини ошириш борасида самарали натижаларга эришилмоқда. Шу йўналишдаги ташаббуслардан бири Мустақиллик маҳалласида яшовчи Умиджон Аминов фаолиятида яққол намоён бўлмоқда. У маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг кўмагида имтиёзли банк кредити асосида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш цехини ишга туширди.

Бугунги кунда мазкур цехда 4 нафар ёш доимий иш билан таъминланган бўлиб, улар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида фаолият юритмоқда. Энг эътиборлиси, ушбу ишга жалб этилганларнинг 2 нафари яқинда меҳнат миграциясидан қайтган ёшлардир.

Умиджон Аминов шунингдек, паррандачиликни ҳам йўлга қўйган. Ҳозирда 20 дан ортиқ курка парвариш қилмоқда. Ҳар бири ўртача 8-10 килограмм гўшт беришини инобатга олганда, оиласига 10 миллион сўмгача қўшимча даромад келтирмоқда.

– Режаларим жуда катта. Бугун давлат раҳбари томонидан биз каби ёшларга яратиб берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланяпман. Атрофимга маҳалламиздаги ишсиз ёшларни жамлаб, уларга ҳунаримни ўргатяпман. Уларни ҳам тадбиркорликка қизиқтириб, ўзининг бизнесини очишга даъват этяпман, – дейди Умиджон Аминов.
Ҳар бир маҳалла кесимида ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, улар туман корхона, муассаса ва ташкилотларга бириктирилган. Ҳар бир ёш учун индивидуал ривожланиш дастури ишлаб чиқилиб, уларнинг таълим, касбий тайёргарлик ва бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.