Жиззах шаҳридаги "Буюм бозори” да хавфсизлик маданиятини оширишга қаратилган кўргазмали профилактик тадбир ўтказилди.
“Ноябрь — Фавқулодда вазиятлар профилактикаси ойлиги” доирасида ташкил этилган ушбу амалий учрашувда Жиззах шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари бир қатор корхоналарнинг вакиллари билан ҳамкорликда иштирок этишди.

Тадбир давомида бозор ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий хавфларни олдини олишга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Савдо дўконлари эгалари ҳамда бозорга ташриф буюрган фуқароларга ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича батафсил маълумотлар берилиб, амалий йўриқномалар тақдим этилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларга кўргазмали қўлланмалар ва эсдалик тарғибот материаллари тарқатилди.
Фавқулодда вазиятлар, ёнғин ва қутқарув ишларида қўлланиладиган махсус техника ва асбоб-ускуналарнинг амалдаги намойишлари тадбирни янада жонли ўтишини таъминлади. Қутқарув воситалари, бирламчи ёнғин ўчириш ускуналари ва улардан фойдаланиш усуллари иштирокчиларга амалий тарзда кўрсатиб берилди.

Шунингдек, бозор атрофида жойлашган ёнғин ўчириш сув манбалари — гидрантларнинг техник ҳолати ўрганилиб, уларнинг тўлиқ фойдаланишга тайёрлиги ҳам диққат билан текширилди.
Ўтказилган тадбирнинг бош мақсади аҳоли орасида хавфсизлик маданиятини юксалтириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган масъулият ва онгли муносабатни кучайтиришдан иборатдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари