Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – вилоятни яшил ҳудудга айлантириш
09:50 / 2022-10-27

Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир. Бугун ана шу эзгу анъана давом этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан умуммиллий ҳаракатга айланди.

Ўтган йили бошланган бу лойиҳа айни кунларда қизғин давом этиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик”нинг иккинчи босқичи бошланди.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида лойиҳага қизғин ҳозирлик кўрилди. Кўчат экиш ишларининг жорий йил кузги мавсуми учун манзарали ва мевали дарахт, бута кўчатларини экиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра бу мавсумда 6 миллион туп дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.

Жорий йил баҳор мавсумида вилоят ҳудудида 9 миллион  900 минг дона дарахт, бута кўчатлари ва қаламчалари экиш режалаштирилган эди. Мавсум давомида 9 миллион  970 минг дона кўчат экилиб, режа 107 фоизга уддаланди.

Бошқарманинг шаҳар ва туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари томонидан “Yashil makon eсo” электрон платформасига 9 миллион 970 минг дона кўчат киритилди ва уларни суғориш тизими, парвариш қилиниши, бириктирилган масъуллар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилди. Суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларда кўчатларни суғориш тизимини барпо қилиш бўйича олиб борилган амалий ишлар натижасида жами 636 мингдан ортиқ кўчатнинг суғориш тизими жорий этилди.  

Фориш туманидаги “Лаззат кафолати” масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан экилган 221 минг туп ток, Зомин туманининг тоғли ҳудудига экилган 90 минг тупдан ортиқ арча ва мевали дарахт кўчатларининг бехато ўсиши учун томчилатиб суғориш тизимига ўтилди.  

Пахтакор туманидаги “Silver leafe” кластери ишчи-хизматчилари томонидан 160 минг дона павловния, Шароф Рашидов туманидаги “Гулшана Эъзоза” МЧЖ ходимлари томонидан 40 минг дона, “Мавлон ота” фермер хўжалиги меҳнаткашлари томонидан 20 минг дона, “Musaffo agro 3 D” фермер хўжалиги вакиллари томонидан 125 минг дона кўчатлар экилиб, суғориш тизими барпо этилган.

Президентимизнинг 2021 йил 31 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни ташкил этиш ғояси илгари сурилган.  

“Яшил боғлар”ни ташкил этиш шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш, уларнинг маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади. “Яшил жамоат парклари” эса идоравий мансублигидан қатъий назар, бино, иншоотлар, ишлаб чиқариш объектлари, аттракционлар қурилиши тақиқланган, аҳоли сайр қилишига мўлжалланган дарахтзор ва бутазорлардан иборат бўлиши керак.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш жараёнида Жиззах вилоятида 35,4 гектар майдонда “Яшил боғлар” ва 81,3 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари” барпо этилиши режалаштирилган.  

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вилоят бандлик  бош бошқармаси, “Ўзавтойўл” вилоят бошқармаси, “Ўзйўлкўкалам” унитар корхонаси, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари билан бирга кўчат экиш ишларини асосан маҳалла ҳудудларида, маҳаллабай тарзда кенгроқ ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Ҳар бир маҳалла, фермер хўжаликлари, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳудудларида суғориш тизимларини шакллантириб, ҳудудларнинг иқлим шароитларига мос равишда манзарали ва мевали дарахт кўчатлари, райҳон, ялпиз, гул кўчатларини экиш бўйича келишиб олинди.

Маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича экохариталар ишлаб чиқиладиган бўлди.

Манзилли дастурга асосан жорий йил куз мавсумида вилоятдаги автомобиль йўллари ёқасига 194 минг 65 туп, қишлоқ хўжалиги ерларига иҳота сифатида 826 минг 321, фермер хўжаликлари экин майдонларининг четларига 1 миллион 895 минг 74, ижтимоий соҳа объектлари ва ташкилотлар ҳудудларига 1 миллион 357 минг 746, туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ҳудудларга 530 минг 325, ҚФЙ, МФЙ ва бошқа объектлар ҳудудларига 1 миллион 195 минг 869 туп манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатларни экиш режалаштирилди.

Мақсадимиз – вилоятимизни экологик тоза яшил ҳудудга, маконга айлантиришдан иборат.

 

Эркин Холматов,  

Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни  

муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи

ЎзА