Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад тизимда коррупцияни йўқотиш
19:13 / 2021-12-01

Бухоро вилояти божхона бошқармасида «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни»га бағишланган антикоррупцион ҳафталик доирасида «Очиқ эшиклар куни» тадбири бўлиб ўтди. Унда божхоначилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар қатнашди.

Тадбирда халқ депутатлари вилоят кенгаши котибият мудири, ҳудудий кенгаш котиби Садриддин Шаропов ҳамда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Баҳодир Қутлимуратов қатнашди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланганди. Жумладан, кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси натижасида коррупцияга қарши курашиш борасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги янада кенгайиб, самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилмоқда.

[gallery-4893]

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий Кенгаши томонидан Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари тўғрисидаги Низом ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари аъзолари таркиби тасдиқланди. Бугун вилоятда 28 нафардан иборат ҳудудий кенгаш аъзолари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ҳудудий кенгашнинг асосий вазифалари белгилаб берилган.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 215 нафар шахслар томонидан 298 та ҳолатда содир этилган коррупция ва давлат мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. Коррупцияга қарши курашиш ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида бевосита вилоят прокуратураси органлари томонидан 2 минг 129 та, шундан 309 та ҳолатда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда ва 1 минг 820 та ҳолатда оғзаки тарғибот тадбирлари ўтказилган.

«Очиқ эшиклар куни» тадбиридан кўзланган асосий мақсад божхона органлари тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хатарларни олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада замонавий аксилкоррупциявий тизимларни жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништиришдир.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА