English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – тажрибаларни оммалаштириш
14:07 / 2026-01-19

Бир гуруҳ бухоролик педагоглар Жанубий Корея Республикасида бўлиб, мамлакат таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари, инклюзив ёндашувлар ҳамда илғор педагогик методлар билан яқиндан танишди. Мазкур тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Когон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида таълим сафарида иштирок этганлар иштирокида амалий семинар ташкил этилди.

Семинарнинг асосий мақсади турли миллат вакиллари бўлган болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш, тенг имкониятларни таъминлаш, бағрикенглик ҳамда маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган илғор педагогик тажрибаларни таълим жараёнига кенг жорий этишдан иборатдир.

Мазкур мактабда бошланғич коррексион синфлар фаолият юритиб, инклюзив таълим тизими йўлга қўйилган. Айни пайтда ушбу синфларда 32 нафар алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ўқувчи қамраб олинган. Шунингдек, мактабда 6 та миллат вакиллари таълим-тарбия олмоқда.

Семинар доирасида дастлаб турли миллат вакилларининг урф-одатлари, миллий қадриятлари ва маданиятини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди. Шундан сўнг “Инклюзив таълим – тенглик ва тараққиёт кафолати” мавзусида тренинг машғулотлари олиб борилди. Шунингдек, “Сунъий интеллект – келажак учун қадам” мавзусида ўқув-амалий машғулот ўтказилиб, замонавий технологияларни таълим жараёнига жорий этиш имкониятлари амалий мисоллар орқали кўрсатиб берилди.

Семинар якунида мунозара ва савол-жавоблар ўтказилиб, иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.