Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад — таълим-тарбиядаги ислоҳотларда фаол бўлиш (+видео)
12:21 / 2023-07-04

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодлар учун менежерлик ўқув курслари ташкил этилган эди.

Мазкур ўқув курслари давомида ўтказилаётган тренингларда  жамоани бошқариш, ишга қабул қилиш ва ишдан озод этиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори А.Исмаилов  тингловчиларга курснинг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумот бериб, курслар учун яратилган ўқув-режа, дастурларнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди. Тингловчиларнинг фикрлари, таклифлари эшитилди, муаммолари ўрганилди.

Контентлар хорижий тажриба ва умумий ўрта таълим мактаби директори касб стандарти асосида яратилган ҳамда шунга мувофиқ ташкил этилган.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мазкур курс тингловчилари учун тест синовлари ўтказилди.  

Тест саволлари умумий ўрта таълим мактаби директори касб стандартида белгилаб берилган таълим муассасасини ривожлантириш, ўқув-тарбия жараёнини бошқариш, ўзини-ўзи ривожлантириш ва ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш, инсон ресурсларини бошқариш, иш юритиш, ҳисобот ҳамда жамоатчилик, ота-оналар билан ўзаро муносабат йўналишларида ишлаб чиқилган.

– Менежерлик ўқув курсларида янги билимлар олдик, тажриба оширдик, – дейди Бухоро вилояти Бухоро тумани 3-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Гулбаҳор Раҳмонова. – Тест синовларини топширдик. Саволлар курс давомида ўтилган мавзулар ва иш фаолиятимиз давомида дуч келадиган воқеа-ҳодисалар, ҳужжатлар билан боғлиқ бўлди. Ҳар бир мутахассис ўз устида ишлаши керак, айниқса, у раҳбар кадр бўлса, таълим-тарбия масканида фаолият юритаётган бўлса. Шунинг учун ҳам биз замон билан ҳамнафас бўлишимиз керак. Мақсадимиз — таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш. Мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш, бу — раҳбарнинг вазифаси.  

Мазкур менежерлик курсларида мактаб директорлигига талабгорлар, айни вақтда ишлаб турганларга назарий ва амалий билимлар берилди. Уларнинг эгаллаган билимлари тест синовлари орқали синовдан ўтказилди. Мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч илм-фан, таълим ва тарбиядадир. Бу жараёнда эса педагог ходимларнинг ўрни беқиёс.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/botMzpmCS2g" title="Мақсад — таълим-тарбиядаги ислоҳотларда фаол бўлиш" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

Б.Мелиқулова, ЎзА