English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад –талабани овора қилмаслик, ўқиши учун қулай шароит яратиш
22:39 / 2024-08-29

Ҳадемай республикамиздаги олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланади. Бундай пайтда талабалар учун «глобал» муаммо – яшаш учун уй-жой топиш масаласи пайдо бўлади. Бу ҳар йили такрорланадиган бир ташвиш эди. Энди ана шу каби муаммоларга барҳам бериш, олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Кейинги йилларда талаба-ёшлар учун имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Таълим соҳаси босқичма-босқич рақамлаштириляпти. Натижада ортиқча оворагарчиликларга, таниш-билишчиликка, коррупцияга барҳам бериляпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги “Олий таълим муассасалари талабаларини тураржой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, талабаларни тураржой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизими жорий этилди. Хўш, унинг афзаллиги нимада?

– Эндиликда давлат олий таълим муассасаларининг талабалар тураржойига жойлашиши фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Азамат Хайриддинов. – Талабаларга навбатни онлайн кузатиш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилган. Яна бир жиҳати, талабалар билан тузиладиган тураржой ижара шартномалари давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш технологияси воситасида электрон шаклда реал вақт режимида ҳисобга қўйилади. 

[gallery-19014]

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, талабаларни ётоқхоналарга жойлаштиришда мурожаатлар устуворлигига кўра тўрт гуруҳга бўлинади. Бунда биринчи бўлиб ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, дафтарларда турувчи талабалар жой билан таъминланади. Кейин бошқа вилоятдан келиб таҳсил олувчилар ва ОТМ жойлашган вилоятнинг узоқ туманларидан бўлган ёшлар талабалар тураржойларига жойлаштирилади.

Бундан ташқари, талабаларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида олий таълим муассасаларида Талабалар тураржойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Марказда олийгоҳ яқинида жойлашган ижара уйларнинг манзили, нархлари ва бошқа қулайликлари тўғрисидаги маълумотлар базаси жамланган.

– Янги ўқув йилида ижара хонадонига жойлашиши эҳтимоли бўлган талабалар сони 2 минг 526 нафарни ташкил этиши прогноз қилинган, — дейди институт талабаларни тураржой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлими бошлиғи Ойбек Дилов. – Шундан келиб чиқиб, институтнинг масъул ходимлари томонидан институт атрофидаги маҳаллалардан 238 та ижара хонадонга жойлашиши мумкин бўлган жами 1 минг 290 нафар талабага захира жойлари базаси шакллантирди ва “Ijara.edu.uz” порталига жойлаштирилди. 29 августга қадар талабалар тураржойлари масаласида электрон портал орқали 557 та, марказ орқали эса 65 та мурожаат бўлди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу тизим ўқув йили охирига қадар ишлайди.

Талабалар тураржойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш маркази талаба-ёшларнинг уйма-уй кезишларига барҳам берибгина қолмасдан, уй олди-сотдиси даллоллари (маклерлар) аралашувига ҳам чек қўймоқда.

– Мен Муҳандислик техникаси факультети иккинчи курс талабасиман, – дейди Касби тумани Денов қишлоғилик Шоҳруҳ Равшанов. – Шу марказга келиб, сўраб-суриштириб, институтга яқин Пахтазор маҳалласидан ижарага уй топдим. Шарт-шароитларини ўргандим, уй эгаси билан гаплашдим.

Хулоса шуки, бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчаси талабаларга янада қулайлик ва енгиллик яратишга қаратилган. Бу давлат аҳамиятидаги масалага айланиб бормоқда. Мақсад ёшларимизнинг ўқиши, изланиши, ўз имкониятини намоён этиши учун кенг имконият яратишдир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари