Аҳолига муаммосиз табиий газни етказиб бериш мақсадида жойларда газ таъминоти филиали томонидан жараёнлар давом этмоқда. Газ қувурлари тортилмоқда, бўялмоқда. Қувонарлиси, амалий ишлар натижадорлиги ҳисобидан эса аҳоли, улгуржи истеъмолчиларга табиий газнинг яхшиланишига эришилади.
Ғиждувон тумани “Улфатбиби”, “Ғишти”, “Бештуво”, “Миракон” маҳаллаларидаги жами 2700 хонадонда истиқомат қилувчи аҳоли ҳамда мавжуд 7 ижтимоий объектга энди табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўлмайди. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва газ таъминоти филиали томонидан диаметри 159 миллиметрли 8 километр 400 метр бўлган газ қувури тортилди ҳамда фойдаланишга топширилди. Ушбу амалий жараён учун Қурилиш ва монтаж бошқармаси томонидан 4 техника, 8 нафар ишчи ходимлар жалб этилди.
–Ғиждувонда 45 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчилари истиқомат қилади, – дейди “Ғиждувонтумангаз” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Суннатилло Ҳасанов. – Уларга ўз вақтида табиий газни етказиб бериш учун газ қувурлари тартибга келтирилмоқда. Хусусан, “Памўза” маҳалласининг Оқолтин кўчасидаги диаметри 100 миллиметрли газ қувурларининг 3 километрдан ортиғида текислаш, бўёқлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш лозим, амалий ишларнинг самарали олиб борилиши ҳамда ўз вақтида табиий газнинг етказиб берилиши учун 10 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар жалб этилган. Ишлар натижадорлиги ҳисобида 500 га яқин хонадонларнинг табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилади. Шунингдек, бугун тумандаги табиий газ истеъмолчиларининг барчаси замонавий ҳисоблагичлардан фойдаланиб келмоқда. Қарздорлик тўловлари эса истеъмолчилар томонидан навбатларда турмай, мобил иловалари орқали амалга оширилмоқда.
Муҳими, туманда газ таъминоти уч босқичли тизимдан замонавий икки босқичли тизимга ўтказилмоқда. 742 газ маромлаш қурилмалари демонтаж қилинган ҳолда аҳоли хонадонларидаги замонавий ҳисоблагичларга махсус редукторлар ўрнатилмоқда. Тумандаги “Шарқ” маҳалласининг Шарқ кўчасида 80 аҳоли хонадонлари мавжуд бўлиб, айни ушбу ҳудудда икки босқичли тизимга ўтказилиш жараёнлари олиб борилмоқда. Диаметри 57 миллиметрли 324 метр газ қувурларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу билан эса ҳудуддаги 80 хонадон аҳолисининг табиий газ таъминоти янада яхшиланадиган бўлди.
Бугун аҳоли хонадонлари билан бир қаторда саноат зоналарини газлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятнинг олис ҳудуди Олот тумани “Арабхона” маҳалласидан Олот божхона комплекси ҳудудигача янги саноат тармоғи (коллектор) қурилаётган бўлиб, лойиҳа бўйича диаметри 325 миллиметрли 25 километр газ қувурини тортиш ишлари режалаштирилган, бугунга қадар эса 23 километр газ қувурлари монтаж қилинди. Ушбу амалий жараён учун эса Қурилиш ва монтаж бошқармаси томонидан 3 техника ва 7 нафар ишчи ходимлар жалб этилган.
Шунингдек, Бухоро шаҳрининг “Отбозор” маҳалласи ҳудудидаги кичик саноат зонасини газлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Лойиҳа режасига кўра диаметри 102 миллиметрли 7 километр газ қувурини монтаж қилиш ишлари белгиланган бўлса, бугунга қадар эса 4,3 километр газ қувури монтаж қилиниб, бўялди. Амалий жараёнлар учун 6 нафар ишчи ходим ва 3 техника воситалари жалб этилган. Шубҳасиз, ҳар бир қилинган меҳнат ортида масъулият ётади. Бу масъулиятнинг ҳис этилиши эса минглаб инсонларнинг фаровонлигини таъминлашда хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА