Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жамият пойдевори ҳисобланган оиланинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оиладаги низо ва муаммоларни барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида ташкил этилди.

Оила – муқаддас даргоҳ. Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.

Ушбу тадбирдан ҳам кўзланган асосий мақсад оилавий ажримларнинг олдини олиш, эрта никоҳлар сонини камайтириш, уларнинг ижтимоий ва маънавий оқибатларига қарши самарали курашиш, шунингдек, маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини янада кучайтиришдан иборат бўлди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбир давомида оилавий низоларни судга қадар ҳал этиш, тарафлар ўртасида муросани таъминлаш, моддий таъминот ва умумий мулкка оид можароларни ҳуқуқий йўллар орқали ҳал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди судьяси М.Саидмуродов, туман ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Л.Мамаюнусова ҳамда туман ҳокимлиги етакчи мутахассиси Х.Ортиқовалар иштирокчилар билан индивидуал суҳбатлар ўтказишди, уларнинг муаммо ва мулоҳазаларини тинглашди ҳамда уларга ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Ажрим ёқасига келиб қолган 3 оила яраштирилиб, муросага келтирилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА