Жиззахда вилоят суди ташаббуси билан ўтказилган кенг қамровли тадбир оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланди.
Унда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, масъул идоралар вакиллари, отинойилар, имом-хатиблар, “Оқила аёллар” ҳаракати етакчилари ҳамда низоли оилалар иштирок этди.
Тадбирни Жиззах вилояти судининг раиси Акрам Шукуров очиб, оила барқарорлиги жамият ривожининг асосий омили эканини, оилавий низоларни барвақт бартараф этиш ва яраштириш ишлари нафақат бир оила тақдири, балки кенг жамоатчилик осойишталиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова ҳамда вилоят бош имом хатибининг ўринбосари Нарзулло Аҳмедов ўз чиқишларида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва низоларни эрта босқичда аниқлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирди. Улар ҳар бир фуқаро оила яхлитлигини сақлашда масъул эканини қайд этдилар.
Шу билан бирга, Жиззах вилояти суди ва вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида тузилган ҳамкорлик Меморандуми доирасида ҳудудларда ажралиш ёқасига келган оилаларни яраштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбирнинг амалий қисмида 22 та низоли оила билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, улардан 7 тасида ярашувга эришилди. Ярашган оилаларга вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Жиззахда ташкил этилган ушбу ташаббус оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ишлар амалий натижа бериб бораётганини кўрсатади. Бундай чора-тадбирлар оилаларда тинчликни таъминлаш билан бирга, жамият барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари