Ватанимиз мустақиллигига ҳадемай 30 йил тўлади. “Ўтган вақт оралиғида нималарга эришдигу, нималарга улгурмадик?” деган ҳақли савол туғилиши табиий, албатта.
Аммо, бугун қайси соҳани олманг, ислоҳотлар изчиллиги, натижадорлиги кўзга ташланади. Энг асосийси, фуқароларнинг дунёқараши кескин ўзгарди, дахлдорлик ҳисси кучайди. Юртдошларимизда Ватанимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшишдек олий мақсад мустаҳкамланиб бормоқда. Бу мамлакат тараққиётини таъминлашнинг энг асосий омилидир.
Айни пайтда жаҳон мамлакатларида кечаётган иқтисодий-ижтимоий жараёнлар, турли хавф-хатарлар кескин қарорлар қабул қилишга мажбур қилмоқда. Бир сўз билан айтганда “барқарорлик” деган сўзнинг қиймати ва қадрини яна бир неча поғонага кўтармоқда. Айнан барқарорлик туфайли тараққиётга эришиш мумкинлиги бугун исбот талаб қилмас ҳақиқатга айланди. Бунга Ўзбекистоннинг бугунги ҳолатини мисол қилиб келтириш мумкин.
Иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, халқаро ҳамкорлик, маданий гуманитар йўналишлар. Барчаси босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сўнгги 30 йил ичида 13,9 миллион кишига ошди. Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам кўп нарсани англатади. Яъни, қарийиб 35 миллионлик аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратишни ўзи бўлмайди. Буни биргина аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўзгаришлар мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, мутлақо янги тизим ҳаётга тадбиқ этилдики, бу одамларнинг оғирини енгил қилиш, сарсонгарчилик, адолатсизлик, коррупцияга қарши кураш борасидаги масалаларга ечим бўлмоқда. Суғурта соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.
Масалан, суғурта фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш соҳасида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, суғурта хизматларининг электрон турларини фаол жорий этиш йўлга қўйилди. Суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни (“Е-полис”), шу жумладан интернет, мобил иловалар, инфокиосклар орқали расмийлаштириш механизмини жорий этиш, уларни қоғоз шаклидаги суғурта шартномаларига (полисларига) тенглаштириш юзасидан “UZINSURANCE” компанияси (“Ўзагросуғурта” АЖ) амалий ҳаракатларни олиб бормоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш лозим, ислоҳотлар натижадорлиги бевосита мутахассис-кадрлар салоҳияти билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, компания ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мисол учун, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ўрта махсус маълумотга эга бўлган 27 нафар ходим олий таълим муассасасига тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинди.
Яна бир эътиборли жиҳат – “Ўзагросуғурта” АЖ тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг 30 фоиздан ортиғи ёшлар ҳисобланади. Раҳбарлик лавозимларида 22 нафар ёш, ташаббускор, интилувчан, масалаларга креатив ёндашадиган кадрларнинг фаолият юритаётгани ҳам компаниянинг истиқболидан дарак деса бўлади.
Юқорида билдирилган мулоҳазалар бугун янги Ўзбекистонда амалга ошган ўзгаришлар орасида уммондан томчи. Мамлакатимиз тараққиёт сари илдамлаб борар экан, бу каби амалий ҳаракатлар изчиллигини янада кучайтириш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиб бериш ҳар қандай идора ва ташкилотнинг бош мақсади бўлмоғи лозим. Зеро, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шодиёналари “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида ўтаётганида ҳам чуқур маъно мужассам.
Бобур ҲАМРОЕВ,
“Ўзагросуғурта” АЖ Бошқарувининг
Етакчилар кенгаши раиси,
департамент директори