Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – нефть ва газ соҳасида юқори натижадорликка эришиш
19:54 / 2023-08-14

Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш ва юқори малакали кадрлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарорда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, бугунги талаб ва таклиф асосида имкониятларни кенгайтириш Саноат энергетика гуруҳининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб айтганда, Саноат энергетика гуруҳи томонидан ўтган олти ой мобайнида қандай ишлар бажарилди ва салмоқли ютуқларга эришилдими?

Ушбу савол билан Саноат энергетика гуруҳи ижрочи директори Тўлқин ЮСУПОВга юзландик.

– Албатта, нефть-газ соҳасида юқори натижадорликка эришишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу тармоққа қаратилаётган эътибор ва ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади, – деди Т.Юсупов. – Бугунги кунда Саноат энергетика гуруҳи айнан шу ислоҳотлар ижросини таъминлашга катта аҳамият қаратмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, Саноат энергетика гуруҳи 2030 йилгача нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича давлат дастури ижрочиси сифатида Ўзбекистондаги энг йирик вертикал интеграциялашган нефть-газ компанияларидан биридир.

Компаниянинг стратегик мақсади углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори сифатли нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиз ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришдан иборат. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик натижаларига кўра ҳисобот даврининг асосий кўрсаткичлари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш унумдорлигининг оширилиши, нефть маҳсулотларини сотиш ҳажмининг кескин ўсиши, суюқ углеводородлар ва газ қазиб чиқаришнинг кўпайиши ҳисобланади.

Асосий ўсиш кўрсаткичлари таҳлилига кўра, суюқ углеводородлар қазиб чиқариш 305,2 минг тонна, газ қазиб чиқариш 723,2 миллион метр куб, Фарғона НҚИЗда қайта ишлаш ҳажми 650,5 минг тонна ва нефть маҳсулотларини сотиш ҳажми 502,7 минг тоннани ташкил этди. Шунингдек, ушбу заводда нефть хомашёсини қайта ишлаш ҳажми 650,5 минг тонна бўлиб,  2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 61 фоиздир. Бу компанияга 502,7 минг тонна нефть маҳсулотлари сотиш имконини берди ва бу ўтган йилга нисбатан 73,3 фоиз кўп, дегани. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон иқтисодиёти учун 208 минг тоннадан ортиқ дизель ёқилғиси ва 168 минг тоннадан ортиқ бензин етказиб берилди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида компания томонидан 2023 йил апрель ойида “Тошкент” халқаро аэропортидаги ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳудудида нефть маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш терминали фойдаланишга топширилди. Бугунги кунга қадар терминал орқали 30 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулотлари етказиб берилди.

Шунингдек, суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажми 305,2 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга ўсди. Газ қазиб олиш 723,2 миллион куб метрни ташкил этиб, бу 2022 йилнинг шу даврдаги кўрсаткичидан 22,8 фоизга кўп. Ўртача суткалик углеводород қазиб олиш ҳажми эса 1648 тонна бўлиб, ўтган йилнинг биринчи ярмидагига нисбатан 1,7 фоизга кўпдир.

Ўз навбатида, янги қудуқларни бурғилашдан саноат эксплуатациясига ўтказиш, 106 қудуқда амалга оширилган геологик-техник тадбирлар, шу жумладан, илгари ликвидация қилинган қудуқларни ишга тушириш ва фойдаланишга топшириш каби ишлар ўсишнинг асосий омиллари ҳисобланади. Қашқадарё вилоятининг “Чегара”, “Янги Қоратепа”, “Шарқий Испанли” ва “Жейнов” конларида нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш лойиҳаларининг амалга оширилиши бунга яққол мисолдир.

Компания томонидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар ошиб, 78 миллион долларни ташкил этди. 40 дан зиёд технологик объектлар капитал таъмирланди.

Хавфсиз ишлаш ва саноат хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги халқаро стандартларга риоя қилиш компаниянинг асосий қадриятидир. Жорий йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқаришда бирон-бир бахтсиз ҳодисага йўл қўйилмади. Иш жойларидаги меҳнат шароитларини баҳолаш, шунингдек, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш ҳамда меҳнат шароитларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат меъёрий талабларига мувофиқлаштириш чораларини кўриш мақсадида ҳисобот даврида 800 дан ортиқ иш ўрни аттестациядан ўтказилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида компания ходимлари барча ишлаб чиқариш бўлинмаларида 4 минг 200 дан ортиқ дарахт кўчати ўтқазди.

Компания ISO 14000 (экологик менежмент тизими) ва ISO 45000 (меҳнат саломатлиги ва хавфсизлиги менежменти тизими) каби халқаро стандартларга асосланган интеграциялашган бошқарув тизимларини жорий қилишни бошлади. 100 дан ортиқ киши янги стандартлар бўйича ишлашга ўқитилди.

Кадрлар масаласи Саноат энергетика гуруҳи фаолиятида муҳим ҳисобланади. Шунга кўра, компанияда ёш мутахассисларни жалб қилиш ва кадрлар малакасини оширишга 26 миллион доллардан ортиқ сармоя йўналтирилди. Жумладан, кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз олиб бориладиган жараёни доирасида Қаршидаги Саноат энергетика гуруҳи ишлаб чиқариш корхонаси негизида ташкил этилган Ўқув полигонида “Нефть ва газ қазиб олиш оператори”, “Қудуқларни ўрганиш оператори” мутахассисликлари бўйича 300 нафарга яқин ходимлар тайёрланди. Шу тариқа, ўтган йилнинг апрель ойида полигон ишга туширилгандан буён 800 га яқин нефть ва газ қазиб олиш операторлари кон шароитларига имкон қадар яқин бўлган шарт-шароитларда ўқитилди. 

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу натижалар Саноат энергетика гуруҳининг тўлиқ интеграциялашган нефть-газ компанияси сифатида Ўзбекистонга тақдим этиши мумкин бўлган кенгайтирилган имкониятлар ва самарадорлик даражасини кўрсатиб беради. Бу жараёнда компания янги иш ўринлари яратиш, ходимларни янги малакаларга ўргатиш, компания миқёсида хавфсиз меҳнат амалиётига амал қилишни кучайтириш ва фаолиятининг барча жиҳатларини такомиллаштиришдан сира толмайди.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.