Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад наслчилик қоидаларига тўлиқ риоя этилишига эришиш
09:53 / 2021-01-02

Мамлакатимизда чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда четдан наслли чорва молларини олиб келиб, гўшт ва сут йўналишида аҳолининг эҳтиёжини қондиришни кўзда тутгани билан катта аҳамиятга эга. Наслли чорвани тўғри парваришлаш, зот софлигини асраб қолиш эса муҳим масалалардан бири саналади.

Хатирчи туманида бугунги кунда 26 та қорамолчилик фермер хўжалиги бўлиб, шундан бештаси наслчилик мақомига эга. Шунингдек, ҳудудда 35 та эчкичилик ва 24 та қўйчилик фермер хўжаликлари ҳам фаолият олиб боради. Жорий йил давомида Эстониядан 300 бош сменталь зотли гўшт ва сут йўналишидаги қорамоллар ва Россиядан яна шунча Романов зотли қўйлар олиб келиниб, парваришлана бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Хатирчи туман бўлими инспекторлари томонидан наслчилик фермер хўжаликларига насл зотини тоза асраш, сунъий уруғлантириш қоидаларига риоя этиш, зарур ва тўйимли озуқа захираси яратиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди. Шунга қарамай, ўтказилган назорат тадбирларида айрим фермерлар томонидан белгиланган тартиб қоидаларга бепарво муносабатда бўлиниб, ўз билганича иш тутиши ҳолатларига дуч келинмоқда.

Жумладан, жорий йил “Исми нур обод гулистон” наслчилик хўжалигига Эстониядан 30 бош сменталь зотли моллар олиб келинган эди. Ўрганишларда кўриндики, “Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 92-моддасига зид равишда зотдор молларнинг жайдари маҳаллий моллар билан бирга қўшиб боқилишига йўл қўйилган. Шунингдек, “Дўстлик” наслчилик хўжалигида ҳам зотдор ва маҳаллий молларнинг биргаликда парваришланишига йўл қўйилган. Аниқланган бу каби камчиликлар юзасидан материаллар тўпланиб, қонуний чора кўриш учун маъмурий ишлар бўйича туман судига юборилди.

– Қишнинг изғиринли кунлари чорвадорлар учун янада масъулиятли палла ҳисобланади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Хатирчи туман бўлими чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими катта инспектори Фаррух Бобоназаров. – Озуқа захирасини яратиш, бундан ташқари, чорва молларини идентификациядан ўтказиш, насл тозалигини сақлаб қолиш, зотдор молларни тўғри боқиш бўйича фермерларга тавсиялар бермоқдамиз. Бунга амал қилмаганларга ёзма кўрсатма беряпмиз. Мақсадимиз наслчилик қоидаларига тўлиқ риоя этилишига эришишдир.

Айтиш жоизки, аҳолини арзон ва сифатли гўшт ҳамда сут маҳсулотлари билан таъминланишида айни йўналишда олиб борилаётган назорат тадбирларининг ҳам аҳамияти катта. Муҳими, наслчилик қоидаларига кўра иш тутган фермер ҳам ўзи ютади, ҳам жамиятга фойдаси тегади. Назорат тадбирлари давомида соҳага оид қонун ва қарорлар моҳияти бўйича фермерларга тушунчалар берилмоқда.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА