Жиззах вилоятидаги 5 та олий таълим муассасасининг ректорлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда 31 та касб-ҳунар техникумининг педагоглари иштирок этган йиғилишда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалалари таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилишни Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Савурбоев бошқариб борди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган бўлиб, бу борада бир қатор хайрли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.


Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги фармон ва қарорларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси ҳамда кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар самарасида коррупцияга қарши курашиш борасида давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги янада кенгайиб, самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилмоқда.


Йиғилишда вилояти прокурори Б.Иброҳимов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, олий таълим ҳамда техникумларда коррупциядан холи муҳитни яратиш бўйича ва коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини, мазкур таълим муассасаларида коррупцион ҳолатлар мавжудлигини афсус билан таъкидлаб ўтди.

Бу борада олий таълим муассасаларидаги комплаенс назорати тузилмаси фаолиятини жонлантириш чораларини кўриш, коррупциявий омилларни бартараф этишда масъулиятни янада ошириш вазифаси қўйилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари