Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад китобхонликни тарғиб қилиш
21:27 / 2025-02-01

Китобхонликни тарғиб қилиш одатларнинг энг яхшисидир. Боиси китоб ўқиш инсоннинг тафаккурини кенгайтирибгина қолмай, уни эзгулик сари етаклайди.

Адлия вазирлиги томонидан китобхонликни тарғиб қилувчи яна бир хайрли ташаббусга қўл урилди. Жумладан, вазирлик ташаббуси билан Қашқадарё вилоят Қарши шаҳридаги давлат хизматлари марказида “Зиё улаш” лойиҳасига старт берилди.

Унда адлия тизимида фаолият олиб борувчи барча ходимлар, хусусан, адлия бўлимлари, марказлар, ФҲДЁ бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, “Мадад” бюролари ходимлари, шунингдек, ушбу ташкилотларга келган аҳоли томонидан марказларга ихтиёрийлик асосида китоблар тақдим этилади.

– Давлат хизматлари марказларида китобхонликни тарғиб қилувчи бундай бурчаклар марказга келувчи фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтишига, китобхонлик маданиятини янада юксалишига хизмат қилади, – дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходимаси Шоҳида Шойимова. – Исталган фуқаро уйида йиғилиб қолган китобларни бу ерга совға қилиши, уйида ўқиш учун алмаштириб кетиши ёки шу ернинг ўзида ўтириб ўқиши мумкин. Мақсад одамларга зиё улашиш.  

Ушбу лойиҳа “Китоб улашинг – зиё кўпаяди”, “Китобни бу ерда алмаштириб ўқинг”, “Китоб беринг, китоб олинг, зиё улашинг” каби чақириқлар билан давом этмоқда.

– Хайрли ташаббус бўлибди, – дейди қаршилик Шавкат Аминов. – Иш билан давлат хизматларига келгандим. Ҳужжатларни тайёр бўлиши учун бироз вақт кераклигини айтишди. Айланиб китобхонлик бурчагига келиб қолдим. Мен севиб ўқийдиган жаҳон адабиётининг дурдона асарлари ҳам бор экан. Уларни варақлаб вақтим қандай ўтганини билмай қолдим, рости.  

Ушбу ташаббус доирасидаги лойиҳалар вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида ҳам давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири