Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида кенг кўламли ташаббусларни амалга оширмоқда.
Агентлик томонидан тасдиқланган Низом асосида айни кунларда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида ҳам ишсиз, кам таъминланган оилаларнинг аъзолари ҳамда ташқи меҳнат миграциясидан қайтган шахсларга қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун субсидиялар тақдим этилмоқда. Мазкур субсидияларни қишлоқ хўжалиги кооперативларининг устав фондига улуш сифатида киритиш, гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳлари, шунингдек, зарур асбоб-ускуналар сотиб олиш каби йўналишларда ишлатиш белгиланган.

Жумладан, Шофиркон тумани бўйича шу йил бошидан 682 нафар фуқарога 2 миллиард 667 миллион сўм миқдоридаги субсидиялар ажратилган. Биргина жорий ҳафтада 32 нафар фуқарога замонавий тикув машиналари тақдим этилди. Шу билан бирга, уларга мотокультиватор, сув насоси, томорқа хўжаликлари, иссиқхоналар учун уруғлик ва кўчатлар, бошқа зарур асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ҳам субсидия асосида берилмоқда.

Шунингдек, жойларда “Уста-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида ҳунармандларга субсидиялар ажратилмоқда. Албатта, бу ташаббус орқали ёшлар ўзлари учун янги имкониятларга эга бўлмоқда.
Шу билан бирга, қийин касбга ўқитишга ихтисослашган усталар ҳам моддий рағбатлантирилмоқда. Бу ташаббуслар нафақат ишсизликни камайтириш, балки маҳаллаларда иқтисодий фаолликни оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.