Хабар берганимиздек, Самарқандда ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, ишсизлигига барҳам бериш бўйича “маҳалла еттилиги” аъзолари ва таълим муассасаларининг ҳамкорлик қилиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган амалий семинар ўтказилмоқда.
Семинарда Ёшлар ишлари агентлиги ва бир қатор вазирлик, идоралар раҳбарлари, маҳалла ва ёшлар билан ишловчи ташкилотлар масъуллари иштирокида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Жумладан, семинар шуъба мажлисларида ёшлар бандлигини таъминлашда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни, олий таълим муассасаларидаги ёшлар билан ишлаш ва битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш, ёшлар етакчиларининг таълим муассасалари билан ҳамкорлик тизими ва болалар ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшлар жиноятчилигининг олдини олишда профилактика инспекторлари ва етакчилар ҳамкорлиги, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш, маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш масалалари юзасидан вазирлик ва идоралар масъуллари тақдимотлар қилиб, ёшлар билан фикр алмашди.
[gallery-24787]
– Жорий йилнинг 7 ойи сарҳисоб қилинганда мамлакатимиз ёшлари томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайгани кузатилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи Акмал Алимов. – Фақат Самарқанд ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткичлар ошган. Самарқанд вилоятида ёшлар ўртасида жиноятлар сони ошган бўлса-да ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилгани кўриш мумкин. Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам Самарқандда яхши тажриба тўпланган.
Семинар доирасида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси”, олий таълим муассасалари ва ўқув марказлари фаолияти, ёшлар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ўтказилди.
– Ишсиз ёшлар учун узоқ муддатли ижара асосида ер майдонлари ажратилишини эшитиб, ўтган йил аукцион танловда қатнашдим, – дейди Самарқанд тумани Ширинобод маҳалласида яшовчи Ҳикматилло Усмонов. –Ғолиб бўлиб, 25 сотих ер майдонига эга бўлдим. Бу ерда картошка, помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлар етиштиряпмиз. Картошканинг ўзидан 10 миллион сўм даромад қилдим. Кўргазмага ўзим етиштирган маҳсулотларни олиб келдим.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан келган йигит-қизлар ҳам бор.
– Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидан келдим, – дейди ёш деҳқон Жалолиддин Раимбоев. – Ишсиз эдим. Деҳқончиликка қизиқардим. Томорқада ишлай десам, ҳовлимиз бор-йўғи 7 сотих эди. Ёшлар учун 50 йил муддатга ижарага ер ажратилаётганини эшитиб, аукционда қатнашдим ва 1 гектар ер майдонини ютиб олдим. Бу ерда оилавий, яъни 7 киши меҳнат қиламиз. Сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиряпмиз. Ўтган йили шу ердан 120 миллион сўм даромад қилдик. Бу йил 200 миллион сўм фойда кўришни режалаштириб турибмиз.
Кўргазмада шунингдек, ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш марказлари ва IT марказлар ҳам ўз хизматлари юзасидан тақдимотлар ўтказиб, ёшлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Семинар иштирокчилари Жомбой ва Ургут туманларида тадбиркорлик билан шуғулланаётган, томорқадан самарали фойдаланаётган ёшлар фаолияти билан яқиндан танишди, таълим ва спорт муассасаларида бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари