Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – инсон салоҳиятига капитал йўналтириш, уни ҳаракатга ундаш, дунёқарашни ўзгартиришдан иборат
00:35 / 2024-03-26

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш, йирик энергетика объектлари қурилишини бошлаб бериш, маҳаллалар аҳли билан мулоқот қилиш мақсадида Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоиз, саноатни ривожлантириш кейинги йилларда Наманган вилоятининг "драйвери", яъни "ўсиш нуқтаси"га айланди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифининг илк куни манзилларида айнан саноат ривожига устувор аҳамият қаратилгани ҳам бежизга эмас.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Янги Наманган туманидаги “Гавҳар груп” корхонасини бориб кўрди. У йилига 1 минг 200 килограмм заргарлик буюмларини саноат усулида ишлаб чиқариш қувватига эга.

Юртимиз заргарлиги қадимдан машҳур. Жумладан, Наманганда ҳам “қўли гул” ҳунарманд сулолалар бўлган. Лекин етарли шароит бўлмагани, хомашё сотиб олишдаги қийинчиликлар сабабли кўп заргарлар фаолиятини тўхтатган эди. Бори ҳам буюмларни қўл меҳнатида тайёрларди.

Президентимизнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа вакилларига кенг имкониятлар очди. Хусусан, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга кон-металлургия комбинатлари ва аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни сотиб олиш ҳуқуқи берилди. Хориждан технология ва мутахассислар олиб келиш қўллаб-қувватланди.

Бундай эътибор ва имкониятлар заргар тадбиркорларга ишонч берди. “Гавҳар груп” масъулияти чекланган жамияти ҳам шу тариқа вужудга келди. Туркия, Италия, АҚШ ва Германиядан замонавий ускуналар келтирилиб, 2022 йилда ишга туширилди.

Бугунги кунда корхонада 10 минг хил дизайндаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Чет эллар билан ҳамкорликда қўл соатларининг тилла корпусини тайёрлаш йўлга қуйилган. 2023 йилда 270 килограмм маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, бу ерда 3D моделлаштириш орқали буюртма асосида исталган кўринишдаги буюмларни ишлаб чиқариш мумкин.

Олтинни Товар-хомашё биржасидан кечиктириб тўлаш шарти асосида сотиб олиш имконияти айланма маблағ ва ишлаб чиқариш узвийлигида муҳим омил бўлмоқда.

Яна бир муҳим томони, корхонада маҳаллий заргарлар билан кооперация йўлга қўйилган. Натижада яширин ишлаганлар “соя”дан чиқди, иш ўринлари кўпайди. Корхонада 100 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. Шу ернинг ўзида ёшларга ҳунар ҳам ўргатилади.

Давлатимиз раҳбари корхонада ишлаётган заргарлар билан суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда йилига 100 тонна олтин қазиб олаяпмиз. Уни заргар тадбиркорларга бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилган. Очиғи, бундай имкониятлар ҳеч қайси давлатда йўқ. Лекин, юртимизда олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланаяпти. Олтин қазиб олинмайдиган мамлакатлар биздан кўп экспорт қилаяпти. Бу соҳада бироз кечикдик. Шунинг учун ишлаб чиқаришга қўшимча шароитлар яратаяпмиз. Бу ҳали бошланиши. Соҳани ҳали яна ривожлантирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Туркиялик ишбилармонлар билан тажриба алмашиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича мулоқот бўлди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда “Мехмаш” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.

Бу корхона йилига 20 минг тонна бурама мих ва 18 минг тонна рулонли қоғоз ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик экспорт қувватига эга. 700 киши иш билан таъминланган. 

Бозор талабидан келиб чиқиб, автомобиль саноатида қўлланадиган маҳкамлаш маҳсулотлари ҳажмини ва экспортини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш режалари юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида бўлди.

Маҳаллаларда шаклланган касб-ҳунарларни ривожлантириб, драйверга айлантириш, шу орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уйчи туманидаги Қумтепа, Деҳқон, Баландариқ ва Жийдакапа маҳаллаларида темирчилик шундай йўналиш. 

2021 йилда бу ерда темирчиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилиб, хонадонлардаги уста-ҳунармандларга зарур шароитлар яратиб берилди. Уч гектар майдонни эгаллаган мажмуа йўл, энергия, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма билан таъминланди. Шу билан бирга, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

Саноат зонасида биринчи босқичда 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Усталар хомашёни “Азия металл проф” корхонаси ва Тошкент металлургия заводидан олиб, темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқармоқда.

Жойларда бу маҳсулотларга талаб юқори. Шу боис тадбиркорлар барча вилоятларда ўз савдо уйлари ва ишлаб чиқариш филиалларини очган. Бундан ташқари, қўшни давлатларга 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.  

Иккинчи босқичда яна 45 та лойиҳани амалга ошириш, 1 минг 330 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Президентимиз мутасаддиларга саноат зонаси майдонидан самарали фойдаланиш, ёшларни ва ишсиз фуқароларни ҳунарга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда маҳаллабай ишлаш орқали ишсизликни камайтириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.

Сайхунобод тажрибаси асосида 14 та тумандаги 788 та маҳаллага иқтисодий идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга 557 минг хонадондаги имкониятларни ўрганган. 

– Мен Сайхунободда “бу йил иқтисодиётимизда ҳаётий уйғониш ва юксалиш йили бўлади” дедим. Мақсад – инсон салоҳиятига капитал йўналтириш, уни ҳаракатга ундаш, дунёқарашни ўзгартириш. Уйчи тумани ҳам иқтисодиёти оғир ҳудуд. Ушбу тизим асосида ишсизларга томорқадан даромад топиш, ўз ишини очиш, қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш керак, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Қумтепа маҳалласи марказида ҳам бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. 

Мазкур маҳаллада 5 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Хонадонлар метални қайта ишлаш, деҳқончилик ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган. 

Бу йил маҳалла қиёфаси яхшиланди. Маҳалла идораси учун янги бино қурилди. Барча хонадонлар ичимлик суви таъминотига уланди. Ички йўллар, электр тармоқлари таъмирланди. “Яшил макон” дастури доирасида йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Маҳаллада тикувчилик цехи, гўзаллик салони, спорт майдончалари, тиббиёт пункти, кутубхона, озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Янги маҳалла биносида Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази ҳам ташкил этилди. Бу ерда аҳоли ва тадбиркорлар айрим давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Президент буни маъқуллаб, давлат идоралари билан боғлиқ масалаларни иложи борича маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Наманган туманидаги “Nam Motor Servis” корхонаси фаолияти билан танишди.

Тўрт гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган ушбу инвестицион лойиҳанинг дастлабки босқичи 2021 йилда ишга туширилган. Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Натижада йилига ўн минг дона электр двигатель, икки минг дона сув насоси ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Юз киши иш билан таъминланди.

Корхона маҳсулотлари энергия тежамкорлик классининг “IE2” даражасида бўлиб, халқаро стандартларга жавоб беради. Улар мамлакатимиздаги кон-металлургия комбинатлари, сув хўжалиги ҳамда Марказий Осиё давлатларига етказиб берилмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳати, электр двигателлар ишлаб чиқариш 60, сув насослари 100 фоиз маҳаллийлаштирилган. 

Президентимизга корхонанинг истиқболдаги режалари, навбатдаги босқичлар ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи май ойида, якуний босқич эса йил охиригача ишга тушади. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ортиб, ҳамкорлик географияси кенгаяди. Яна 160 та янги иш ўрни яратилади.

Хусусан, бу ерда 2,2 минг тонна эмалланган сим, 6 минг дона электр двигатель, 4 минг дона катта ҳажмдаги сув насоси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу қўшимча 500 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, дегани.

Бошқа тармоқлар ва корхоналар билан кооперацияни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда, яна сармоялар кириб келмоқда. Бунга асос – Янги Ўзбекистонга бўлган ишонч.

Наманган вилоятида ҳам умумий қиймати 4 миллиард долларлик 47 лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2 миллиард 300 миллион долларлик 17 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.

Уларга Россия, Хитой, Туркия, БАА, Франция, Германия, Австрия, Италия, Нидерландия, Эрон, Покистон каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Лойиҳалар қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Чуст туманида мис қазиб олиш ва қайта ишлаш, покистонлик инвестор томонидан Тўрақўрғон туманида синтетик мато ишлаб чиқариш ва бўяш, Австрия компанияси билан вилоят травматология марказини жиҳозлаш режалаштирилган.

Мазкур 47 та лойиҳа натижасида 40 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади. 

Давлатимиз раҳбари инвестор ва ташаббускорлар билан бирма-бир суҳбатлашди. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги муҳокама қилиниб, уларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу куни Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишига бағишланган маросим бўлди.

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та қуёш ва шамол электр станциялари тармоққа уланди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 183 мегаваттли 6 та гидроэлектрстанцияси ишга туширилди.

Бугунги кунда Наманганда жами 913 мегаватт генерация қуввати мавжуд. Сўнгги уч йилда электр истеъмоли 24 фоизга ўсган ва бу, табиийки, давом этади.

Шу боис вилоятда жами қиймати 1,1 миллиард доллар, қуввати 1 минг 228 мегаватт бўлган учта мажмуа лойиҳалаштирилди. Булар гидроэлектрстанциялар каскади ҳамда иккита қуёш электр станциясидир.

Жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти 434 миллион доллар эвазига Уйчи тумани, Норин дарёсида 228 мегаваттли 6 та “ГЭС каскади”ни барпо қилади. Бунинг натижасида йилига 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 310 миллион метр куб газ иқтисод қилинади, 430 минг хонадонга электр узатилади.

Яна бир эътиборли томони, ушбу ГЭС тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилаётган ускуна ва технологиялар ҳисобига қурилади. Яъни у мамлакатимизда “биринчи миллий ГЭС” бўлади. 

Бу станцияларда 133 киши, қурилиш даврида 4 минг одам ишлайди.

Поп туманида Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси томонидан 500 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси қурилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 350 миллион доллар бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 95 миллион киловатт-соатни ташкил этди. 

Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen Group Holding Limited” компанияси билан ҳамкорликдаги қуёш электр станцияси ҳам Попда қурилади. Унинг ҳам қиймати 350 миллион доллар, қуввати 500 мегаваттни ташкил этади.

Ушбу станцияларни шу йил якунига қадар тармоққа улаш кўзда тутилган. Уларда 120 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Мазкур лойиҳалар натижасида Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2 141 мегаваттга етади. Йиллик 7,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоятнинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард кВт соатлик талабини тўлиқ қоплайди. Ортган 30 фоиз электр Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур йирик энергетика лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.

– Одамларимиз фаровон яшашига шароит яратиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий пойдеворларидан биридир. Бунинг учун катта-кичик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, уларнинг барқарор фаолияти учун узлуксиз энергия таъминоти ниҳоятда зарур. Шу маънода, бугунги маросим ҳам тарихий воқеа. Барчангизни шундай янги лойиҳа ва ташаббуслар билан табриклайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда Поп ва Уйчи туманларида умумий қуввати 200 мегаватт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимлари ишга туширилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар истеъмол ортган даврда ягона энергетика тизимини ростлаш ва электр энергиясини истеъмолчиларга барқарор етказиб беришга хизмат қилади.

Шу йилнинг ўзида республикамизда 14 та қуёш ва шамол станциясини қуриш доирасида 2,6 гигаватт қувват тармоққа уланади.

Президент Шавкат Мирзиёев куннинг иккинчи ярмида Наманган шаҳрида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳамда иқтисодий комплекс мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Водий вилоятларида аҳоли зич яшайди. Ҳар қарич ер қадрли. Миришкорлар ердан фойдаланишнинг ҳадисини олган. Ҳунармандчилик, тадбиркорлик яхши ривожланган. Шу билан бирга, маҳаллаларда ишсизлар, эҳтиёжмандлар ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари бундай инсонларга алоҳида эътибор қаратиш, ташкилий-молиявий кўмак бериб, бандлигини таъминлаш зарурлигини айтди. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши керак.

Шу боис маҳаллаларга ҳокимлик ва барча иқтисодий идора ходимлари бириктирилмоқда. Улар хонадонларда бўлиб, имкониятларини таҳлил қилади.

Масалан, томорқаси бўлса, ундан самарали фойдаланиш, даромадини 60-70 миллион сўмга олиб чиқиш бўйича намуна яратади. Ҳунармандликка уқуви борларга хомашё, ускуна ва айланма маблағдан ёрдамлашилади. Тадбиркорлик истаги бўлса, бизнес лойиҳалар қилиб берилади.

Бунда, айниқса, тижорат банклари фаол бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Яъни, улар, аввало, ўз мижозлари бўлган корхоналар негизида қўшимча иш ўринлари очилишини қўллаб-қувватлаши лозим.

Қолаверса, банкларга давлат томонидан катта ресурслар ажратилмоқда. Улар жойларда аҳоли ташаббусларига йўналтирилиб, бандликка хизмат қилиши зарур.

Бу маблағлар янги иш ўринлари, қўшимча маҳсулотлар, аҳолининг харид қобилияти орқали охир оқибат иқтисодиётга тушум бўлиб қайтади.

Хонадонларда кичик қайта ишлашларни ташкил этиш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш, кооперация ва касаначиликни кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Томорқаларда ва деҳқончилик учун ажратилган ерларда сархил мева-сабзавотлар етиштириб, экспорт қилиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик орқали рўзғорларга барака киритиш мумкинлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифининг биринчи куни якунида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этди.

Халқимиз ҳаёти ва маънавиятида Ислом динининг ўрни беқиёс. Юртимиз мусулмонлари муқаддас ақидаларга амал қилиб, эзгу анъаналарни давом эттириб келмоқда.

Бу йил ҳам элимиз маънавий поклик, хайру саховат айёми бўлган Рамазон ойини катта хурсандчилик билан кутиб олди. Масжидларда Қуръони карим хатм қилиниб, юртимизга файзу барака ёғмоқда. Жамиятимизда дўстлик-биродарлик, меҳр ва саховат туйғулари кучаймоқда. Одамлар бир-бирига янада меҳр-оқибатли бўлиб, беморлар ва кексалар, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш тобора кенгаймоқда.

Бугунги муборак оқшомда юртимизнинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Наманган вилоятидаги эҳсонга Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.

– Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўп миллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли юртдошларимизга ташаккур айтди.

Чиндан ҳам, халқимиз азал-азалдан бир-бирига таянч бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиб яшашни одамийликнинг олий мезони деб билади. Айни шу олижаноб фазилатлар бизларни доимо ягона халқ, ягона миллат этиб бирлаштиради, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини енгиб ўтишда беқиёс куч-қувват беради.

Кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизга ҳам муносабат ўзгарди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, уларни Ватанимизга қайтариш, иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш, оила аъзолари ва фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқинда 40 дан зиёд уламолар Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Мисрга сафарга юборилди. У ерлардаги ватандошларимизни дину диёнатга даъват этиш билан бирга, ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб, қонунларни ҳурмат қилиш, ёмон йўлларга кирмаслик зарурлиги ҳақида суҳбатлар қилишди.

Давлатимиз раҳбари чет элдаги юртдошларимизни ҳам улуғ айём билан табриклаб, уларга соғлиқ-омонлик ва омад тилади.

Маълумки, янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган муҳим қоида белгилаб қўйилган. Шу асосда мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига  муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган.

Бу ҳақда сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” деган ҳикматини ёдга олди.

Бундай қараш муқаддас динимизнинг асл инсоний моҳияти билан ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан ҳам, чинакам мусулмон ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради.

Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар моҳияти айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида энг эзгу тилакларини билдирди.

– Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин, – деди Президентимиз.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

ЎзА мухбирлари