Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад: ҳар бир киши йилига ўртача 10 та китоб ўқишига эришиш
13:34 / 2026-01-16

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш асосий мақсад этиб белгиланди. 

Қарор билан Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомидаги Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. 

Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади:

а) танлов орқали ёш ёзувчилар учун грантлар ажратиш ва асарларини нашр этиш, болалар адабиёти йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш; 

б) танлов орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида бир йилгача базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида ҳар ой ҳақ тўлаш;

в) энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизини қоплаш; 

г) васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш; 

д) китобхонлик рейтингини шакллантириш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш.

2026 йил 1 февралдан бошлаб: 

а) аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича "Китоб - маърифат манбаи" дастури амалга оширилади; 

б) давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади; 

в) транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали "Mutolaa" платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасаларида "Жадидлар изидан" китобхонлик клублари ташкил этилади. 

2026 йил 1 мартга қадар тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади.

Ҳар йили камида 3 тадан касбий фаолиятга оид хорижий адабиётларни маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиб, малакали мутахассислар иштирокида уларни изоҳлар, луғат ва мисоллар билан бойитиш амалиёти жорий этилади. 

2026 йил 1 апрелга қадар барча вазирлик ва идораларда "Китоб бурчаги" ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда "Китоб ўқиш соати" йўлга қўйилади. 

Китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади.

Танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади. 

Энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

ЎзА