Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан Жондор туманида фаолият юритаётган экспортёр корхоналар фаолияти ўрганилди.
Унда паррандачиликка ихтисослашган “АРЖУМАНДБОНУ ЧОРВОСИ” фермер хўжалиги вакиллари билан учрашув ўтказилиб, экспорт ҳажмини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида корхона вакилларига қайта ишлаш божхона режими, тайёр маҳсулотларни экспортга тайёрлаш тартиби ҳамда ташқи савдо жараёнида учраши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан бартараф этиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Божхона ходимлари томонидан экспорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай масалаларда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлик билдирилди.

Шунингдек, Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан Олот туманида жойлашган “BUXORO GOLD STAR MOTO” МЧЖда ҳам навбатдаги ўрганиш ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Учрашув давомида корхона вакилларига божхона органлари томонидан экспортни рағбатлантириш, тадбиркорлар учун яратилаётган енгилликлар ҳамда амалдаги тартиблар юзасидан батафсил маълумот берилди. Корхонада ҳозирда мото эҳтиёт қисмларидан йиғиладиган юк ташишга мўлжалланган мототранспорт воситалари ишлаб чиқарилиб ички бозорга етказилмоқда.

Мулоқот чоғида “Экспорт уч қадамда” тизими ва “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан фойдаланишнинг афзалликлари алоҳида тушунтирилди.
Учрашув якунида корхонага экспорт фаолиятини янада кенгайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА