Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – экологик барқарорликни таъминлаш
17:43 / 2025-04-20

Жиззахда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан “Ҳудудда чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳадаги инвестициявий лойиҳалар ҳамда белгиланган вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманида вилоятдаги санитар тозалаш ишларини мувофиқлаштирувчи раҳбар ва масъуллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича 2024 йил якунлари ва 2025 йилнинг 1-чораги даврида олиб борилган ишлар ва келгуси вазифлар юзасидан бўлим бошлиғи Камол Аҳадов ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Ойбек Салимовларнинг ҳисоботларини диққат билан тинглади.  

Таъкидланишича, айни пайтда вилоятда 4 та санитар тозалаш корхонаси фаолият юритиб, 309 та маҳаллада истиқомат қилувчи 1 миллиондан ортиқ (режа бўйича 1 миллион 507 минг) аҳоли санитар хизматлар билан қамраб олинган. Бугунги кунда чиқиндиларни тўплаш ва ташиш ишлари “Тоза ҳудуд” ДУК, “Тоза Эко Ҳудуд”, “Эко Сфера” ҳамда “Eko-House” МЧЖдари томонидан амалга оширилмоқда. Уларнинг балансида жами 211 та махсус техника мавжуд бўлиб, 2023–2024 йилларда 31 миллиард 900 миллион сўмлик 29 та янги техника ва 590 та чиқинди контейнерлари харид қилинган ва жорий йилда яна 10 та техника харид қилиниши белгиланган.

[gallery-22894]

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ҳамда 2024 йил 26 сентябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига кўра соҳамиз ходимлари зиммасига улкан масъулият ва кечиктириб бўлмас вазифалар юкланди, – дейди Жиззах вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Ушбу фармонлар ижроси доирасида вилоятимиздаги Шароф Рашидов ҳамда Зарбдор туманларида санитар хизматлар давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига ўтказилиши орқали соҳада хусусий сектор улуши 100 фоизга етказилди ва бу йўналишда 30 миллиард 700 миллион сўмлик инвестиция киритилиб, 520 та янги иш ўрни яратилди.

Вилоятимизда жами 13 та маиший чиқинди полигони мавжуд бўлиб, улар Полигонларни бошқариш дирекцияси Жиззах вилоят бошқармаси ихтиёрига ўтказилди. Бу эса, чиқинди логистикасини яхшилаш ва инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга пухта замин яратиб берди. Буларнинг барчасидан кўзланган асосий мақсад – атроф-муҳитни асраш, фуқароларимиз соғлигини муҳофаза қилиш ва манфаатларига хизмат қилишини таъминлашдан иборатдир.

Шунингдек, анжуманда ўтган 2024 йилда 295 минг 900 тонна, жорий йилнинг 1-чорагида эса 68 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳосил қилингани қайд этилиб, улардан 222 минг ва 57 минг 800 тоннаси полигонларга жойлаштирилгани таъкидланди.  

Шу ўринда қайта ишлаш соҳасида ҳам ижобий натижалар қайд этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 2025 йилда 24 та корхона томонидан 10 минг 200 тонна чиқинди қайта ишланиб, қайта ишлаш даражаси 15 фоизга етказилган ва жорий йил якунига қадар эса бу кўрсаткични 45 фоизга етказиш режалаштирилган.

Булардан ташқари, воҳа ҳудудида 41 та ноқонуний чиқиндихона аниқланганлиги жиддий танқид остига олиниб, у ерлардаги 134 тонна чиқинди махсус полигонларга олиб борилган. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш бўйича 760 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 507 миллион сўм миқдорида жарима чоралари қўлланганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Матбуот анжуманида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Корея Республикасининг “K-Eco” компанияси билан ҳамкорликда Шароф Рашидов туманида маиший чиқинди полигонида газ чиқиндисини камайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу йўналишда 8 миллион 400 минг АҚШ долларилик грант лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, 2023 йилда Корея ҳукумати томонидан 6 миллион 200 минг доллар ажратиш белгилангани ҳам қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари