Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – бозорлар тўкинлигини таъминлаш
17:57 / 2023-11-03

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ҳам жорий йил якунигача 3 минг 734 гектар майдонга тўқсонбости усулида сабзавот ҳосилини етиштириш мақсад қилинган.

Айни кунда чекка туманда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш имконияти мавжуд бўлган 861 гектар боғ ва токзор ораларига тўқсонбости усулида саримсоқпиёз, исмалоқ, пиёз ва турли кўкатлар етиштириш ишлари аллақачон бошланган. Шундан 509 гектар мевазор боғ, 352 гектар узумзор-токзор қатор орасида маҳсулот экиб парваришланмоқда. 

Элимиз дастурхони тўкинлиги учун ҳатто қиш-қировли кунларда дугали плёнка остида сабзавот-полиз маҳсулотлари, шунингдек, саримсоқпиёз, исмалоқ, кашнич, шивит, редиска ва бошқа ошкўклар етиштиришнинг долзарблигини теран тушуниб етган “Саёт” ҳудудидаги Шавкат Ишонов бошчилик қилаётган “Ойхон Бобохон” фермер хўжалиги жамоаси ҳам 3 гектар ер майдонида барпо қилаётган токзор қатор орасида исмалоқ ва кашнич етиштиришни бошлади.
Айни куз мавсуми давом этаётган шу кунларда бу ерда боғ қаторлари ораси ҳайдалиб, бегона ўтлардан тозаланди. Ҳар гектарига 2,5 килограмдан исмалоқ ва кашнич уруғлари сепилиб, талаб даражасида парваришига киришилди. Муҳими, қиш-қировли кунларда хўжалик аъзолари дастурхонида даладан сархил узилган ошкўклар бўлади.

Туманнинг “Дўрман” ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Шаҳзодбек Ўрин Жавоҳири” фермер хўжалиги ҳам айни мавсумда 32 гектар ерда пахта ва 19 гектар майдонда сара буғдой етиштирди. Баракали хирмон кўтаришга муваффақ бўлди. Деҳқончиликда катта тажрибага эга фермер Убайдулла Ўринов хўжалик майдонларида мунтазам равишда тўқсонбости экинлар парваришлаб, муносиб даромад олиб келаётган миришкорлардан бири саналади.

–Сурхондарё вилоятида кеч кузда пиёз етиштириш агротехникаси тўғрисида эшитиб, ҳавас қилиб юргандим, –дейди фермер Убайдулла Ўринов. – Амалда шуни ўз хўжалигимизда тажриба-синов тариқасида етиштиришга қарор қилдик. Ғалладан бўшаган еримизнинг ярим гектарида шу йил август ойида пиёз уруғини сепиб обдон парваришни бошладик. Пиёз кўчат усулида етиштирилганда уруғ 3-4 баробар кам сарфланади ҳамда ўтоқ ва ягана қилиш учун қўл меҳнати сарфи камаяди. Бу билан маҳсулотнинг товарбоплиги ва харидоргирлиги юқори бўлади. Текис ерда зич уруғ сепиб етиштирилган пиёз кўчати қатор орасига кўчирилганида 12 гектарли кенг майдонга айланаркан. Ҳозир 7 гектарли контурда пиёз етиштиришга ўтдик. Қолаверса, пиёз етиштирмоқчи бўлган хўжаликларга яна 5 гектарга тенг пиёз кўчатини етказиб бермоқдамиз. Шу усулда пиёз кўчатини кўчириб ўтқазиш орқали ҳар гектаридан 100 центнер атрофида ҳосил олишни кўзлаяпмиз. Ҳисоб-китоб қилинса, қиш мавсумида пиёздан келадиган мўмай даромад жамоа моддий манфаатдорлигига хизмат қилади. 

Туманда жорий йил якунигача 3 минг 734 гектар майдонда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари етиштириш мақсад қилинган. Бунинг учун обдон суғориб, ҳайдаб тайёрланган экин майдонининг 60 гектари фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунингдек, 2 минг 162 гектари аҳоли хонадонларидаги томорқа ери ҳисобланади. Худди шундай, туманда 1 минг 512 гектар экин ери эса давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида пахта ва ғалладан қисқартирилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қисмига тарқатиб берилган ва айни кунда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири