Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад, болалар билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш
09:14 / 2022-12-16

Қор ёғиб, ҳаво ҳарорати совиши натижасида йўл транспорт ҳодисалари сони кўпайди.

Жиззах вилоятида нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси борасида нималарга эътибор қаратиляпти? Бу борада қилинаётган ишлар хусусида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Ҳусан ХОЛҚЎЗИЕВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Қалин қор ёғиб, ҳаво ҳароратининг кескин совиши, қалин туман тушиши сабаб йўл транспорт ҳодисалари содир этилиш хавфи ортди, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, полковник Ҳусан Холқўзиев. – Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш юзасидан вилоят бўйича йил давомида умумтаълим мактабларда 52 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари ташкил этилди.

Шунингдек, “Маҳаллаларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаларини ташкил қилиш” масаласи юзасидан МФЙ ҳудудидаги 26 та умумтаълим мактабида, 32 та мактабгача таълим ташкилотида ўқув автомайдончаси қурилди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ҳисобидан бугунги кунда бошқарманинг махсус эксплуатация монтаж бўлимининг ҳисоб рақамига 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ келиб тушган.

Йўл-транспорт ҳодисалари энг кўп юз берадиган йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ташвиқот воситаларини (реклама-ахборот плакатлари, шитларни) ўрнатиш белгиланган эди. Вилоят автомобиль йўллар бошқармаси билан ҳамкорликда барча шаҳар ва туманлар ҳудудларига 156 та тарғибот баннери ўрнатилди.

Серқатнов йўллар яқинида жойлашган МТТ, умумтаълим мактабларида “Диққат, пиёда!”, “Диққат, йўловчи!” ҳамда “Диққат, болалар!” каби профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунали йўловчи” мавзуларида маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.  

Шунингдек, болалар билан боғлиқ йўл – транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, мақсадида вилоятда жорий йилнинг 10 декабридан 20 декабрига қадар “Диққат, болалар!” тадбири эълон қилинди.  

Барча умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари бириктирилиб, таълим муассасаларида 10-15 дақиқалик йўл-ҳаракати қоидалари бўйича дарс машғулотлари ўтказиляпти.

Биз учун энг муҳими, болаларимиз билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишдир.

 

Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА