Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилнинг 11 ойида қарийб 503 миллион долларни ташкил этди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 26,7 фоизга кўпдир, дейилади Тожикистон статистика агентлиги тарқатган маълумотда.
Тожикистон қўшни республикага асосан бирламчи алюминий, электр энергияси, пахта толаси, руда, цемент, тери хомашёси, пилла, ипак хомашёси, шунингдек, турли газламалар, спиртли ичимликлар, гиламлар ва бошқа товарлар етказиб беради. Ўзбекистондан эса тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, табиий газ, минерал ўғитлар, пластмасса, пойабзал, кулолчилик маҳсулотлари, рангли металлар, электротехника ва механик ускуналар келтирилади.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгандан кейин Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 7 баробардан кўпроқ ошди. Масалан, 2016 йилда ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 70 миллион доллардан сал кўпроқ бўлган. 2022 йилнинг ўтган даврида эса бу кўрсаткич 500 миллион доллардан ошди, дейилади хабарда.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифидан сўнг икки қўшни давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард доллардан ошириши режалаштирилган. Бу шубҳасиз, постсовет ҳудудидаги икки томонлама ҳамкорликнинг энг яхши намунасидир, дейди Тожикистон Миллий фанлар академияси Осиё ва Европа мамлакатларини ўрганиш институти (НАСТ) илмий ходими Камолиддин Камолов “Ховар” агентлигига берган интервьюсида.
“Совет Иттифоқи давридаги ҳамкорликнинг ривожланиш тажрибаси ҳар икки давлатнинг иқтисодиёти ва коммуникациялари бир вақтлар умумий бўлганини тасдиқлайди, – дейди Камолиддин Камолов. Булар ягона энергия ҳалқаси, сув ресурсларидан умумий фойдаланиш ва ҳоказолардир, дея аниқлик киритади у. Ҳар икки давлат мустақиллиги шароитида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларгача бўлган кўплаб йўналишларда ҳамкорликнинг ижобий тажрибасини зудлик билан қайта тиклаш заруратини намойиш қилмоқда.
Экспертнинг фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларнинг бугунги ҳолати икки мамлакат ўртасида имзоланган фундаментал ҳужжатларга асосланмоқда. Масалан, 2000 йил бошида мамлакатлар ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2019 йил августда эса стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжат имзоланган. “Стратегик шериклик” омили бугунги кунда давлатлараро муносабатларнинг моҳиятини олдиндан белгилаб бермоқда. “Бугунги кунда Ўзбекистон Тожикистондан 2 центлик нархдаги электр энергиясининг асосий харидори бўлиб, ўз навбатида, Тожикистонга газни арзонлаштирилган нархда сотмоқда.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, у Афғонистондаги вазиятнинг ноаниқлиги фонида алоҳида аҳамият касб этади, дейди эксперт. Гарчи томонларнинг позициялари бугунги кунда турлича бўлса-да, лекин аслида, ҳар икки давлат ўзининг жанубий чегаралари хавфсизлигидан, қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишидан манфаатдор”, – дея қўшимча қилади у.
Камолиддин Камоловнинг айтишича, бу гапларни Миллат етакчиси, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон жорий йил 2-3 июнь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида айтган эди. Зеро, буларнинг барчаси икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва кенгайтириш учун жуда ижобий ва муваффақиятли натижалардир.
“Ташриф давомида икки республика ўртасида 15 та янги ҳужжат ва Тожикистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари форуми доирасида тадбиркорлар ва савдогарлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида 75 та шартнома имзоланди, инвестиция лойиҳалари ҳажми 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Икки дўст ва қардош мамлакат халқлари учун энг муҳим ҳужжат Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида “Абадий дўстлик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги декларациянинг имзоланиши бўлиб, у тожик ва ўзбек халқларининг кўп асрлик орзуларини рўёбга чиқарди”, – дея мамнуният билан эътироф этади эксперт.
Унинг қўшимча қилишича, сув-энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни давом эттириш мақсадида икки давлат президентлари Тожикистон Республикаси Суғд вилоятининг Айний туманида Зарафшон дарёсида 320 МВт қувватга эга иккита ГЭС қурилиши бўйича лойиҳа-разведка ишларини расман бошлаган.
“Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган икки томонлама шартномалар темир кукунини қазиб олиш ва қайта ишлаш, Тожикистонда тўқимачилик заводини қуриш, Ўзбекистонга бирламчи алюминий етказиб бериш, пахта толаси ва музлатгичлар ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш каби бир қатор муҳим лойиҳаларини ҳам ўз ичига олади” дейди тожикистонлик эксперт.
“Умуман олганда, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи чоғида савдо-иқтисодий форуми иши якунларини ҳисобга олган ҳолда қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоявий-иқтисодий лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган», – дея хулоса ясаган Камолидин Камолов ўз интервьюсига.
С.Раҳимов, ЎзА