Божхона қўмитаси ва Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар бирлашмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик Меморандуми доирасида Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан “Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш – ижтимоий ҳимоя кафолати” мавзусида семинар ташкил этилди.
– Мазкур тадбирнинг асосий мақсади – божхона органларида хизмат қилаётган ходимларнинг оила аъзоларини тадбиркорликка йўналтириш, аёлларнинг ўз бизнес ғояларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш ва иқтисодий фаоллигини оширишдан иборат бўлди, – дейди Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар бирлашмаси раҳбари Мамлакат Содиқова.

Семинарда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби вакиллари, Бухоро вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳузуридаги “Оқила аёллар” ҳаракати масъул ходималари, шунингдек, ўз меҳнати ва қатъияти билан юртимизда муваффақият қозонган тажрибали тадбиркор аёллар иштирок этиб, ўз ҳаётий йўли, ютуқлари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тингловчиларга аёллар учун мавжуд имтиёзлар, бизнесни рўйхатдан ўтказиш тартиблари, кредит ва грант дастурларидан фойдаланиш имкониятлари, маркетинг ва рақамли савдо бозорида ўз ўрнини топиш йўллари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Семинар давомида очиқ мулоқот тарзида фикр алмашувлар ташкил этилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олди. Шу билан бирга, аёлларни касб-ҳунар ўрганиш, оилавий бизнес юритиш, қўшимча даромад манбаларини топиш ва меҳнат бозорида фаол иштирок этиш борасида аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА