Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад – аҳолини даромадли қилиш
19:47 / 2025-04-23

Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири Олот туманида ҳам бугунги кунда хотин-қизлар бандлигига алоҳида эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Бухоро вилояти минтақавий маркази томонидан 1800 нафар хотин-қизларга 60 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди. Бунинг натижасида тижорат банклари томонидан 2000 га яқин иш ўринлари яратилди.

Томорқа – тўкин турмуш, бахтли ҳаёт гарови. Қишлоқ хўжалигида ихчам иссиқхона, мўъжаз экин ерига эга хўжаликларда ҳам камроқ сарф-харажат ва меҳнат билан баракали даромадга эришилаётган омилкор оилалар сафи кенгаяётгани қувонарли.

Шулардан бири Жайхунобод маҳалласида яшовчи Шаҳноза Полвонова. У 2 сотихли томорқасидан оиласи билан барқарор даромад топаётган миришкорлардан.

– Иссиқхонамизда 20 турдан ортиқ сабзавот ва кўкат маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бодринг, қулупнай, булғор қалампири, помидор, картошка етиштириш ва иссиқхонанинг бўш жойларидан унумли фойдаланиш мақсадида кўкат етиштириш йўлга қўйилган. Бундан ташқари лимончиликда ҳам ишлар яхши йўлга қўйилган. Ҳозирда 15 туп лимонлар ҳам ҳосилга кирган. Томорқа билан бирга паррандачилик ва чорвачилик йўналишида ҳам даромадга эгамиз, – дейди Шаҳноза Полвонова.

Дилкорликлар иссиқхонадан йилига 3 маротаба ҳосил олиб, жорий мавсум бодрингдан 10 тоннадан ортиқ ҳосил йиғишга бел боғлаган. Экин ери қадрини билганлар учун томорқадан қадрлироқ, бебаҳо неъмат йўқ. Томорқа – ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи. Зеро, бир неча сотих экин ерда сабзавот маҳсулотлари, кўкатлар етиштириб, рўзғор эҳтиёжи билан бирга мўмай фойда кўраётган оилалар борки, нафақат оила даромадига даромад қўшмоқда, балки эл-юрт фаровонлигини таъминлашда ҳам ўз ўрнига эга.

Бугун ҳудудларда аҳолининг кўпчилиги иссиқхона барпо этиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам пешма-пеш ҳосил етиштираётганини кўриш мумкин. Албатта, бу бежиз эмас. Айниқса, қишлоқда яшовчи фуқаролар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлигини оширмоқда. Жумладан, туманнинг Дилкор маҳалласида ҳам томорқачилик ҳадисини олган миришкорлар талайгина. 

– Деҳқончилик бобида бироз қийинчиликларга дучор бўлганмиз. Ҳозир эса унинг сир-асрорларини пухта ўзлаштирдик. Экинларимиз яхши ривожланиб биз кутган натижани бермоқда. Бунинг сири оилавий меҳнатни севишда. Кўриб турганингиздек бодрингларимизнинг ҳосили яхши. Ўн тоннага яқин бодринг етиштиришни мақсад қилганмиз. Бу дегани 70 миллион сўм оилага қўшимча даромад, – дейди Қизлархон  Раҳимова.

Вилоятнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Шайхлар маҳалласида 2020 йили иш бошлаган “ORLOT TEX FAYZ” масъулияти чекланган жамият тикувчилик фабрикасида умумий қиймати 300 миллион сўм бўлган сўнгги русумдаги тикув машиналари ҳамда бошқа зарур жиҳозлар келтириб ўрнатилган.

Фаррух Асқаров бошчилик қилиб келаётган корхонага “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 30 нафар хотин-қизлар аввалига тикувчилик сирларини ўқув марказларида ўрганиб сўнгра малакали тикувчилар бўлиб ишга қабул қилинади. Тикув цехида мавсумга қараб 10 турдан ортиқ эркаклар ва аёллар кийимларини тикиш йўлга қўйилган.

– Аввалига қийналдим. 2020 йилдан бери ушбу корхонамизнинг фаолиятига назар ташласак, бошланишида 4-5 дона тикув машинкаларида буюртма асосида тикиш ишларидан бошладик. Аста секинлик билан маҳсулотларимизга талаб оша бошлагани асбоб ускуналар сони ва турини кўпайтирдик, ҳозирги вақтда 50 дан ортиқ тикув ва тўқув асбоб ускуналаримиз бор. Ҳозирги вақтда эркаклар ёзги кийимларини ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди корхона асосчиси Фаррух Асқаров.

– Президентимиз раислигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган йиғилишда маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича 2025 йилда бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар “Халқ банки”нинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширишга киришилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Бухоро вилояти минтақавий марказ раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова. – Вилоятимиздаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 89 таси бошқармамизга бириктирилган бўлиб, ажратилган кредитлар ҳисобига маҳалла фуқаролар йиғинларида доимий равишда янги ишчи ўринлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда 89 та маҳалла фуқаролар йиғинида 36 нафар банк ходимлари маҳалла банкирлари сифатида, 89 та ходим эса маҳалла агенти сифатида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Эътиборлиси, Халқ банкига бириктирилган 89 та маҳалла фуқаролар йиғини бўйича ҳозирда кредитлар ажратилган бўлиб, бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. 

Яратилган шароитлардан самарали фойдаланиб “Эски Олот” маҳалла фуқаролар йиғинида Мавжуда Жумаева бошчилигида “Кароналух” аёллар гўзаллик салонида 10 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланган. Гўзаллик салони ҳар бир мижозни салоннинг энг муҳим меҳмонларидан деб билади. 

– 15 йил олдин биринчи марта гўзаллик салонида ишимни шогирд сифатида бошлаганман. Бир вақтнинг ўзида ишлаш ва ўрганиш керак эди. Ҳар доим биз истагандек бўлмайди, лекин барибир таслим бўлмадим. Турмуш ўртоғим кўп жиҳатдан мени қўллаб-қувватлади. Бу ишни бошлашимдан мақсад аёлларимизни иш билан таъминлаш ва опа-сингилларимизни гўзал қилиш, қолаверса ҳар бир аёл гўзал бўлишга ҳақли. Мақсадимиз келажакда фаолиятимни янада кенгайтириб аёлларимизни бандлигини таъминлашдир, – дейди Мавжуда Жумаева. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.