Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад аҳолини балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш
18:07 / 2020-10-30

Маълумотларга эътибор қараганда, 2019 йилда вилоятда 15 минг тонна, бундан 20 йил олдинги билан солиштирганда 15 марта ёки 2015 йил билан таққослаганда 4 марта кўп балиқ маҳсулотлари етиштирилди.


Балиқчилик тадбиркорлик субъектлари учун сердаромад соҳалардан бирига айланиб бормоқда.

Бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам самарали лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, аҳолининг парҳез гўшт маҳсулотига бўлган талаби қондирилмоқда.

Маълумотларга эътибор қараганда, 2019 йилда вилоятда 15 минг тонна, бундан 20 йил олдинги билан солиштирганда 15 марта ёки 2015 йил билан таққослаганда 4 марта кўп балиқ маҳсулотлари етиштирилди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса 4 минг 123 тонна балиқ овланган.

8.jpg

Мисол учун, Чироқчи туманидаги “Аҳмедов Акмал” фермер хўжалиги интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослашган субъектлардан бири ҳисобланади. Фермер Акмал Аҳмедовнинг таъкидлашича, у хўжалик тасарруфидаги 5 гектар майдонда 300 мингга яқин африка лаққаси, сазан, оқ амур ва толстолоб балиқларини парваришламоқда.

Эътиборли томони, қайси турга мансублигига қараб, балиқлар учун хос шароит ҳозирланган.

– Сазан, оқ амур ҳамда дўнгпешона (толстолоб) балиқлари табиий шароитни яхши кўради, – дейди фермер. – Шунинг учун бу балиқларни бир ва уч гектар майдонга эга иккита очиқ ҳовузда парваришлаяпмиз. Қолаверса, тажриба тариқасида 3 сотихлик очиқ бассейнда ҳам сазан балиғини боқишни йўлга қўйдик. Айни пайтда ушбу ҳовузларга 200 минг дона балиқ чавоқлари ташланган. Ҳозир уларнинг ҳар бири ўртача 0,5 килограмм вазн ҳосил қилган. Икки йилда вазни 3-4 килограммга етади.

1.jpg

Бундан ташқари, фермер 1,7 сотихдан иборат иккита иссиқхона ташкил этиб, уларнинг ҳар бирида учтадан бассейн қурган. Ушбу 6 та бассейнда 100 минг дона африка лаққаси боқилмоқда.

– Бу балиқ турининг ўзига хос жиҳатларидан бири, унга қанча кўп озуқа берсангиз, шунча тез етилади, – дейди фермер. – Шунингдек, сув ҳарорати ҳам муҳим. Масалан, африка лаққасини ўстириш учун оптимал сув ҳарорати 25-30 даража ҳисобланади. Сув ҳарорати 16 даражадан паст бўлганда балиқлар касалланиб нобуд бўлишни бошлайди. Сув ҳарорати 35 даражадан юқори бўлганда балиқлар танасида қийшайишлар ва турли даражада салбий ўзгаришлар пайдо бўлади. Ушбу балиқ турининг яна бир ўзига хос жиҳати эса кислородни нафақат сувдан балки атмосферадан ҳам олади. Шу сабабли ушбу балиқларни тиғиз ўстириш имконияти мавжуд. Бунинг учун эса иссиқхона шароитига эга сунъий ҳовузлар жуда мос келади.

Фермернинг таъкидлашича, ушбу тармоқни ривожлантиришдан олинаётган даромад сезиларли даражада самарали. Масалан, африка лаққасини сунъий ҳовузда парваришлаб, 6 ой муддатга 2 килограмм вазнга олиб чиқиш имкони мавжуд. Шундан сўнг эса улар янада тез етила бошлайди. Агар бир кунда уч-тўрт маротаба етарли миқдорда озиқлантирсангиз, бир йилда 5-6 килограмм вазн ҳосил қилади. Демакки, фермер 100 минг дона африка лаққасидан бир йилда камида бир миллиард сўм соф фойда олади.

4.jpg

Акмал Аҳмедовнинг бу соҳада эришаётган ютуқлари ҳудуддаги кўплаб оилаларни ҳам қизиқтириб қўйган. Шу боис, бугунги кунда биргина у яшаётган Қаҳрамон қишлоғининг ўзида ўнга яқин оила интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйган.

Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам ҳам ушбу хўжаликларда балиқларни тўғри парваришлашда қўл келмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳукуматимиз томонидан балиқчилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, балиқчилик фаолияти билан шуғулланаётган субъектларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 

6.jpg

Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги қарорида мамлакатимизда балиқчилик соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиб бериш, қўшимча имтиёзлар тақдим этиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзда тутилганки, бу аҳоли ва ишбилармонларнинг мазкур фаолият турига бўлган қизиқишини янада рағбатлантирмоқда.

Ушбу қарорга асосан, балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун “Ипотека банк” томонидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши, тадбиркорлик субъектларига мазкур маблағлар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 50 фоизи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиниши ҳам тармоқ хўжаликлари учун ўзига хос имконият бўлди.

Албатта, тадбиркорларнинг бу борадаги истиқболли лойиҳаларининг амалиётга татбиқ этиши натижасида ички бозорларимиз балиқ маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаб келинмоқда. Шу билан бирга кўплаб янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшмоқда.