Табиий газ таъминотини бир маромда етказиб бериш ҳамда таъминот билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида истеъмолчиларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Жойларда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, баъзи ҳудудларнинг газ таъминоти уч босқичли тизимдан замонавий икки босқичли тизимга ўтказилмоқда. Жойлардаги газ маромлаш қурилмалари демонтаж қилинган ҳолда аҳоли хонадонларидаги замонавий ҳисоблагичларга махсус редукторлар ўрнатилмоқда.
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани мисолида оладиган бўлсак, 45 минг 106 та аҳоли истеъмолчиларга 570 дона газ маромлаш қурилмалари орқали табиий газ етказиб берилмоқда. Уларга сифатли ва самарали хизмат кўрсатиш мақсадида соҳа вакиллари томонидан таъминот уч босқичлидан икки босқичли тизимга ўтказиляпти.

– Бугунга қадар 33 мингга яқин хонадоннинг газ таъминоти 2 босқичли тизимга ўтказилган бўлса, йил якунига қадар 12 мингта хонадоннинг 2 босқичли тизимга тўлиқ мослаштирилиши режалаштирилган, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Сирожиддин Авезов. – Жараёнлар бевосита туманнинг “Додарак” маҳалласининг Пингон қишлоғида олиб борилмоқда.

– Бугунга қадар маҳалланинг 2 та қишлоғидаги хонадонлар тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказилди, – дейди маҳалла фаоли Йўлдош Тўқов. – Пингон қишлоғида ҳам деярли амалий ишлар якунига етаётганлиги ҳамда ҳудуддаги газ маромлаш қурилмаси демонтаж қилиниб, 135 та хонадон икки босқичли тизимга мослаштирилди.

Маълумот учун, вилоят бўйича бугунга қадар 60 мингга яқин хонадоннинг газ таъминоти уч босқичли тизимдан замонавий икки босқичли тизимга ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА