Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад, аҳоли даромадини ошириш
12:43 / 2022-05-24

Бухоро вилояти Жондор туманида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни даромад манбаига эга бўлиши учун ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурмоқда.

Ана шундай лойиҳалар доирасида ҳудудга чет элда ишлаб чиқарилган 120 дона замонавий инкубатор келтирилиб аҳолига товуқ тухумлари билан тарқатилган эди.

Айни кунларда ҳар томонлама қулай бўлган ушбу замонавий инкубаторлардан самарали фойдаланган хонадон эгалари меҳнатлари ортидан даромад топмоқда.

“Навгади” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи Илёс Бобоев илгари товуқчилик билан шуғулланган ва бу йўналиш сердаромад эканлигини яхши билгани боис биринчилардан бўлиб инкубатор олган эди. Ҳозирда у инкубатордан чиқарган жўжалари ортидан бир ойда қўшимча 3 миллион сўмдан ортиқ даромад топмоқда.

– Паррандачиликка қизиқиши бўлган буюртмачилар талабига қараб турли парранда тухумларини инкубатордан чиқариб беряпман, – дейди Илёс Бобоев. – Бунда ҳам ўзим ҳам буюртмачи фойда кўряпти.

Туманда аҳоли даромадини ошириш борасидаги қилинаётган ишлар биргина бу эмас. Вилоятда 4-сектор ташаббуси билан Фарғона тажрибаси асосида ҳар бир туманнинг биттадан маҳалласида сўриток усулида узум етиштириш ишлари йўлга қўйилган эди. Жондор тумани “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғини С.Айний кўчасида ҳам узунлиги 200 метр масофада бўлган сўриток ўрнатилиб Фарғона вилоятидан олиб келинган 120 дан ортиқ серҳосил, турли навдаги узум кўчатлари экилди.

Айни кунларда ушбу кўчатлар қулоч ёзган. Маҳалла аҳолиси томонидан узумларга ишлов бериш ишлари бошлаб юборилди. Туманда бошланган бу каби ташаббуслар кенг аҳоли қатламини тадбиркорликка ўргатиш, даромадини оширишга хизмат қилади.

Зариф Комилов, ЎзА