Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова Жиззах вилоятига ташрифи доирасида вилоят судлари судьялари ва суд аппарати ходимлари билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси суд тизими – жамиятда қонунийлик ва адолат устуворлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлар экан, партиянинг ушбу соҳадаги устувор йўналишлари, хусусан, инсон ҳуқуқлари, шаффофлик ва жавобгарлик тамойилларига асосланган ислоҳотлар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этди.

– Бугунги каби учрашувларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, фуқароларнинг адолатли суд ҳимоясига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судьялар фаолиятидаги долзарб масалаларни ўрганишдан иборат. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида барча тизимларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш натижасида биз ўз мақсадимизга биргаликда эришишимизга ишончим комил, – деди Робахон Маҳмудова.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда судьялар ҳам ўз фаолиятларида учраётган қонунчиликдаги муаммолар юзасидан бир қатор амалий таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўз навбатида, тадбир давомида Жиззах вилояти суди раиси Акрам Шукуров, вилоят маъмурий суди раиси Сарварбек Раҳмонов ва бошқалар Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий Кенгаши раисининг мазкур ташрифи судьялар жамоаси учун катта илҳом манбаи, шу билан бирга, амалий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, бундай мулоқотлар нафақат фикр алмашиш, балки қонунчиликни такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада самарали ташкил этишда ўта муҳим механизм сифатида хизмат қилаётгани қайд этилди.
Тадбир якунида Жиззах вилояти суди раиси Акрам Шукуров меҳмонга Жиззах вилояти судлари тарихига бағишлаб ёзилган китобни совға қилди. Бу каби очиқ ва самарали мулоқотлар, шубҳасиз, суд тизимини такомиллаштириш, адолатни қарор топтириш ва жамият ишончини мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари