Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақсад: 2030 йилга қадар нуфузли Quacquarelli Symonds рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1000 талик университетлар рўйхатига кириш
10:27 / 2025-11-29

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, юридик таълим ва илм-фан ривожланишида эришиладиган асосий вазифалар белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат: 

а) юридик таълим жараёнларининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойилини жорий этиш; 

б) юридик таълим тизимида таълим - тадқиқот - амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш, бошқарувда академик-коллегиал ёндашувларни янада кенгайтириш; 

в) юридик таълим самарадорлиги ва сифати устидан назоратни кучайтириш; 

г) Тошкент давлат юридик университетининг 2030 йилга қадар нуфузли Quacquarelli Symonds рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1000 талик университетлар рўйхатига киришини таъминлаш. 

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Университетда тажриба сифатида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилади. Бунда: 

а) иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилади; 

б) таълим дастурларининг назарий қисмларини амалий мисоллар асосида ўқитиш (problem-based learning) орқали талабада муаммоли вазиятни таҳлил ва хулоса қилиш каби "юмшоқ" кўникмалар (soft skills) ва назарий билимларни шакллантиришга эътибор қаратилади; 

в) таълим дастурларининг амалий қисмлари суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, консалтинг ва соҳага доир бошқа ташкилотларда, шунингдек, юридик клиникада клиник семинарлар ўтказиш орқали олиб борилади. 

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб "Юриспруденция" таълим йўналиши мавжуд бошқа давлат олий таълим ташкилотларида Университет тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими йўлга қўйилади. 

Университетда таълим-тадқиқот-амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида соҳавий факультетлар тизими академик департамент, тадқиқот, амалиёт ва карьера марказларидан иборат таркибда шакллантирилади. 

Университет кафедралари негизида илмий-тадқиқот ва амалиётга асосланган, юқори сифатли таълим беришга йўналтирилган академик департаментлар ва улар таркибида шуъбалар ташкил этилади. 

Университет учинчи ва тўртинчи курс талабаларини давлат ташкилотларига, нотариат ва адвокатлик тузилмаларига иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилади. 

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Университетда сунъий интеллект асосида дарс сифатини баҳолаш тартиби жорий этилади. 

ЎзА